08 August 2014
13:10 - “Эзгулик” фаоли Бобомурод Раззоқов манзил колонияга чиқарилмади
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан тарқатилган пресс-релизда айтилишича, Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли зонада жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Республикаси ЖИК ва Амнистия тўғрисидаги Сенат қарори талабларига мувофиқ, шу йилнинг 12 июлида манзил колонияга чиқарилиши лозим эди. Жазо муддатининг 4/1 қисмини ўтаган ҳуқуқ фаоли бунга тўла ҳақли, қолаверса, Амнистия ҳақидаги қарорда ҳам унинг озод қилинишига монъелик қилувчи ҳолат йўқ эди.

Аммо шу йилнинг 2 мартида учинчи марта ғайриқонуний равишда жазо карцерига ташланлаган Бобомурод Раззоқов манзил колонияга чиқарилмади. Ҳатто муассасада берилган сўнгги “тартиббузарлик” жаримаси қонунга иноан 6 ойда ечилганида ҳам Бобомурод Раззоқов кеча, 6 августда манзил колонияга чиқарилиши лозим эди. Афтидан, ҳукумат ҳуқуқ фаолини қамоқдан чиқармоқчи эмас.

Халқаро ҳамжамият, ташкилотлар ва халқаро тузилмалар талабларига қарамай ғайриқонуний айбловлар билан қамооқа олинган ҳуқуқ ҳимоячиси тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ҳолбуки, унинг соғлиғи ёмон, кексалиги, ошқозон-ичак тизимидаги хасталиклари азоб бермоқда, дейилади пресс-релизда.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов 2013 йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан айбланган ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.