
Бугун президентнинг Остонадаги Оқўрда қароргоҳида Қозоғистон ҳукуматининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилди, деб хабар беради Казинформ расмий давлат ахборот агентлиги. Мамлакатнинг бугунги муаммолари ва келажаги хусусида гапирган Нурсултон Назарбой ҳукумат таркибида жиддий ўзгаришлар қилишини ҳам билдирди. Баъзи вазирликлар бирлаштирилди, янги вазирликлар тузилди ва ва шу ернинг ўзида янги ҳукумат таркиби эълон қилинди.
Ҳукумат таркибида Бош вазир, иккита Бош вазир ўринбосари ва 12 вазир бор. Муҳим бўлгани, Бош вазир лавозимида яна Карим Масимов қолди.
Эслатиб ўтиш керак, 1965 йилда туғилган уйғур аслли Карим Масимов (расмда) Пекин тиллар институтини, Ухан Юридик институтини, Қозоғистон давлат бошқарув академиясини битирган, АҚШнинг Колумбия Университетида стажировка ўтган. У 2007-2012 йиллари ҳам Бош вазир бўлган, 2012-2014 йиллари Президент маъмуриятининг раҳбари лавозимида ишлаган. Шу йил бошида қайтадан Бош вазир лавозимига тайинланган эди.
Маълумки, 2008 йили ривожланган давлатларда бошланган аввал молиявий, кейин иқтисодий кризис, “Ҳаракат” мухбирлари айтиб келаётганидек, ўртача ривожланган мамлакатларга, хусусан Россия ва Қозоғистонга етиб келди. Қозоғистонда ҳукуматнинг жиддий шаклда янгиланиши – кризис туфайли ўртага чиққан ва чиқадиган муаммоларни ечиш йўлидаги қадамлардан биридир.