15 July 2014
21:24 - Ўзбек жамияти: юртдошларимиз пора бериб, Ҳажга боришга тайёр, динимиз эса ислоҳотларга муҳтож
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Тошкентда фуқароларни тижорат визаси билан Ҳажга юбормоқчи бўлиб, улардан пора олган фирибгарнинг қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонаси ходими (ҳар ҳолда ўзбек бўлса керак!) ва унинг шериги одамларни Ҳажга юбориш ваъдаси билан 2 йил давомида 96 000 АҚШ доллари миқдорида пул ишлаган. Бир неча қариндоши билан бирваракайига ҳожи бўлишни истаган бир андижонлик элчихона фирибгарларига 61 минг доллар пора берибди.

Янаям қизиғи, Ҳажга боришнинг уддасидан чиқа олмаган бир фуқаро Умра зиёратини орзу қилиб фирибгарларга иккита қўй сўйиб берган, 70 килограмм тоғ асали (чакана бозордаги баҳоси тахминаг 2 200 000 сўм) келтириб берган. Фирибгарлар қўлга тушибди: ўғрини қароқчи урди, қабилидаги операцияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фирибгарларнинг уйида “Ҳизбут таҳрир” диний радикал оқимига мансуб дисклар топган. Фуқароларни шилиб келган фирибгарларни энди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тинчитади.

Қизиқ, Ҳаж зиёратига бориш иштиёқида 61 минг АҚШ доллари миқдорида пора берган “орзуманд ҳожилар” ана шу зиёрат моҳиятини тушунишармикан?

Тушуниш керакки, мусулмонларнинг сони ортган сари, улар учун Ҳаж қилиш эҳтимоллиги камайиб бораверади. Бировнинг айби билан эмас, бунча одамни Ҳажга тўплаш мумкин бўлмаганлиги сабабли. Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли – Исломда ислоҳотлар ўтказиш, Ислом динининг ягона фарзи Имон эканлиги, Ҳаж қилиш фарз эмаслигини тан олишдир. Акс ҳолда ҳамма мусулмонлар пора бериш йўлини қидиришга мажбур бўлади, Каъбани атрофи пора берувчилар билан тўлади, жаннат бўш қолади.