Business Insider журнали дунё мамлакатларидаги қуролли кучлар салоҳияти борасидаги таҳлилларини эълон қилди, Мазкур рўйхатни АҚШ, Россия ва Хитой бошқармоқда. Дунё мамлакатлари орасида 48-ўрин билан кифояланган Ўзбекистон армияси Марказий Осиёдаги энг кучли армия экан. 50 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича тузиб чиқилган мазкур рўйхатда қурол-яроғ, ҳарбий техникалар, аскарлар салоҳияти, сони ва армия таъминоти сингари сифатлар ҳисобга олинади.
Бу хабарнинг икки тарафига эътибор бериш керак.
Биринчидан, табиийки, армия асосан ташқи хавф учун муҳимдир ва ҳозирги замонда бу масала нисбий аҳамият касб этади. Мамлакатларни пароканда қилаётган нарса асосан коррупция, авторитар бошқарув ва иқтисодий кўрсаткичлар экани маълум. Демак, Business Insiderнинг эътирофидан, агар у ростакам бўлса ҳам, ортиқча қувонмаса ҳам бўлади.
Иккинчидан. Сал кам икки йилдан бери “Ҳаракат” Агентлиги гапираверганидан кейин ҳозир ҳаммага маълум бўлдики, на сиёсат на иқтисодни билмайдиган президент Ислом Карим раҳбарлигида Ўзбекистоннинг иқтисоди ўлмоқда. Иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Қозоғистондан 8-10 баравар орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Ҳеч шубҳа йўқки, армиямиз ҳам шу аҳволда. Ўзбек генераллари қозоқларнинг старшинасидан кам маош олишса керак. Ўзбеклар қайтадан миллат савиясига чиқиб, ҳозирги режимни ағдариши ва иқтисод билан биргаликда армияни ҳам оёққа қўйиш ҳақида ўйлаши керак.