27 June 2014
11:53 - Ислом Карим Фарғонага турист каби бориб келди

Ўзбекистондек давлатнинг расмий ахборот агантлиги бўлмиш ЎзА Ислом Карим кеча Фарғонага борганини бугун хабар қилди. Мана 21 асрда Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи.

Ислом Карим бу ерда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишибди. Жумладан, Санъат саройи ва Сув спорти мажмуасини бориб кўрибди.

Мамлакат раҳбари жойлардаги аҳвол билан танишиши жуда тўғри, дейди мухбиримиз. Аммо, Президент турист эмас, унинг вазифаси фақат танишиш эмас. Унинг вазифаси – аҳволимизга тўғри баҳо бериш, бундан келиб чиқадиган ишлар ҳақида маҳаллий раҳбарлар билан гаплашиш.

Аҳволимиз эса қуйидагича. Ўзбекистон иқтисодининг кучи бўйича Қозоғистондан 8-10 баравар орқада. Ўртча ойлик бўйича ҳам қозоқлардан шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Ўзбек халқи секин-аста қозоқларнинг мардикорларига айланиб бормоқда.

Ислом Карим ҳамма ерда, Фарғонада ҳам, шу муаммони муҳокама қилиши, бу аҳволдан чиқиш йўллари ҳақида гаплашиши керак эди. Аммо, минг афсуски, бундай бўлмаган. Расмий хабарга кўра, мамлакат президенти Фарғонага турист каби келиб кетган.

Хабарга илова қилинган расмдан кўриниб турибдики, зўрға тиржайиб турган Ислом Каримдан бошқа бирон нарса кутишнинг ўзи ножиддийликдир.