27 June 2014
10:04 - Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон президентликка номзод эканлиги ҳали расман эълон қилинмади, аммо унинг асосий рақиби маълум – Акмалиддин Инсонўғли
Аввалги хабарларимиздан маълумки, бу йил август ойида Туркияда бўладиган президент сайловларида Бош вазир Ражаб Эрдўғон асосий номзод бўлиши кутилмоқда. Ражаб Эрдўғон раиси бўлган ҳокимиятдаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси унинг номзодини 1 июлда эълон қилмоқчи. Аммо, унинг асосий рақиби ким бўлиши ҳозирданоқ маълум.

Бу – 71 ёшли тарихчи олим, профессор Акмалиддин Инсонўғли (Ekmeleddin İhsanoğlu). Унинг асосий сиёсий фаолияти - 2004-2014 йиллари Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Бош котиби вазифасини бажарганидир. Бу ташкилот унга кирувчи давлатлар ва бу давлатлар аҳолисининг сони бўйича БМТдан кейин иккинчи ўринда турса ҳам, аслида, халқаро саҳнада катта роль ўйнамайди. Унинг Бош котибини Туркиянинг ўзида ҳам танийдиганлар кўп эмас.

Акмалиддин Инсонўғлининг номзодини Туркиядаги иккита мухолифат партияси биргаликда кўрсатмоқда. Булар – Отатурк томонидан қурилган сўлчи Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) ва турк миллатчиларини бирлаштирувчи Миллиётчи Халқ Партияси (МХП).

Ражаб Эрдўғоннинг рейтинги ҳозир жуда юқори, у номзодини қўйса, ғолиб чиқиши муқаррар. Шундай бўлса ҳам, ЖХП ва МХП ўз раисларидан бирини умумий нозод қилиб кўрсатсалар, у мағлубиятга учраса ҳам, Ражаб Эдрўғондан кейин Туркиянинг иккинчи номерли сиёсатчисига айланарди. Акмалиддин Инсонўғли бундай бўлолмаслиги аниқ.

Ҳозир Акмалиддин Инсонўғли сайловолди кампаниясини бошлаб юборди ҳам. У Туркиядаги мавжуд партияларнинг қароргоҳларини зиёрат қилиб, ўзининг кимлигини таништирмоқда, ўз номзодини қўллаб қувватлашга чақирмоқда.