23 June 2014
20:38 - Ислом Карим Лубянка тарафидан ўзбекларнинг бошига ўтқазилганига ва ўзбеклар ичида замонавий сотқинлик жараёнлари бошланганига 25 йил бўлди
Ҳа, айнан, шундай. Ислом Карим 1989 йилнинг шу кунларидан бирида Ўзкомпартияга биринчи секретарь этиб тайинланди. Шу кунлардан бирида, дейишимизнинг жиддий сабаби бор.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат хотираларида ёзишича, 1989 йил 14 ёки 15 июнь куни бирликчилар Ўзкомпартия биринчи котиблигига Ислом Каримни ўтқазиб кетиш учун СССР Министрлар Советининг раиси (ҳозирги тил билан айтсак, СССР Бош вазири), айни замонда КПССнинг энг юқори органи бўлган Политбюро аъзоси Николай Рижков Тошкентга келаётганини билиб қолишган. Ислом Каримни янги лавозимга ўтқазадиган Ўзкомпартия Марказий Кенгашининг мажлиси эртаси кун бўлиши керак экан.

“Бирлик” эртаси куни эрталаб Марказком биноси олдида митинг ўтказишга қарор қилди. Мақсад – Николай Рижков олдига “Бирлик”нинг талабларини қўйиш.

Ўша пайтда ҳеч қандай техник имкониятлар бўлмаса ҳам, эртаси кун эрталаб, яъни 15 ёки 16 июнь куни эрталаб, Марказком биноси қаршисидаги Гагарин боғида 5 мингга яқин одам тўпланди. “Бирлик” халқнинг ичидаги ҳаракат эканлигини намойиш қилди.

Эс-песи чиқиб кетган ҳукумат Марказий Комитетнинг мажлиси битгандан кейин Николай Рижков 5 нафар бирликчини қабул қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Айнан шундай бўлди, Николай Рижков ҳозиргина ўз курсисини Ислом Каримга топширган, бир неча кун аввал эса СССР Олий Советининг Миллатлар Кенгашига раис этиб сайланган Рафиқ Нишонов ва ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР Бош вазири билан биргаликда Абдураҳим Пўлат раҳабарлигидаги 5 нафар бирликчини қабул қилди.

Биринчи сўз Абдураҳим Пўлатга берилди. У Ўзбекистон олдидаги ҳамма муаммоларнинг, жумладан, месхет турклари билан чиққан қонли воқеаларнинг сабабчиси Кремль эканлигини кескин сўзлар билан ифодалаб, бу муаммоларни ечиш учун нималар қилиниши кераклигини сўзлади. Шунда Николай Рижков ҳар бир сўзини чертиб-чертиб: “Да, если Вы так разговариваете с Председателем Совета Министров Союза Советских Социалистически Республик, я представляю как Вы разговариваете с ними” дея ёнидагиларга менсимайгина ишора қилди.

Ҳозир Ислом Каримнинг ўзбеклар бошига ўтқазилиши 23 июнда бўлган деб ҳисоблашмоқда. Ўша пайтдаги газеталарда ҳам шундай хабар берилган экан. Аммо, хабарларда Политбюронинг аъзоси, СССР Бош вазири Николай Рижков Марказий Комитет мажлисида қатнашгани айтилмайди. Политбюронинг аъзоси мажлисга келади-да, хабарларда айтилмайдими? Бундай бўлиши мумкин эмас. Бу ерда қандайдир тушунмовчилик бор. Буни ўрганиш ва ҳақиқатни тиклаш журналистларнинг иши.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Николай Рижков ўша куниёқ Ислом Каримга “Абдураҳим Пўлатни “Бирлик”дан йўқ қилиш” кераклиги ҳақида тавсия-буйруқ берган. Ислом Карим яни лавозимдаги ишини айнан Абдураҳим Пўлатни йўқ қилиш ҳаракатидан бошлаган ҳозир ҳаммага маълум.

Ўшанда Ислом Карим ҳозир 53-54 лақаби билан танилган Салой Мадаминга Тошкент марказидага уйлардан биридан 53 ва 54 номерли иккита квартира бериб, сотиб олди ва унинг ёрдамида Абдураҳим Пўлатни четлаштириб, “Бирлик”ни чўнтак ташкилотига айлантирмоқчи бўлди. Ислом Карим ва Салой Мадамин биргаликда “Бирлик”ни чўнтак ташкилотига айлантиролмадилар, аммо муҳим сайловлар арафасида уни фалаж қилиб қўя олдилар. Айнан ўша сайловларда Салай Мадамин Ўзкомпартия рўйхатидан альтернативсиз депутат этиб сайлатилди ҳам.

Ўзбек миллатининг миллат сифатини йўқ қилиб, подага айлантирилиши, Ўзбекистондек давлат иқтисоди бўйича Қозоғистондан 8 баравар кучсиз ҳолга туширилиши – Лубянканинг агенти бўлган Ислом Карим ва унинг раҳбарлигида Ўзбекистонда ҳукмдорлигини сурдираётган тожиклар режимининг ишидир. Ўша пайтда уларга асосий ёрдамчи бўлган одам - ўзбек миллатининг хоини, 53-54 лақаби пешонасига ёпиштирилган Салой Мадаминдир. Уни ўзбекнинг Иудаси дейдиганлар ҳам бор, Муҳаммад Солих дейдиганлар ҳам бор.

Бу ишлар бошланганига шу кунларда 25 йил бўлмоқда. Ўзбек миллати ўз ичидан чиққан хоинларни жазолаш ва улардан қутилиш механизмалари яратолмаса, ҳеч қачон миллат сифатига қайта эришолмайди, ўзбеклар ва Ўзбекистон давлати ҳозирги аянчли аҳволдан чиқолмайди. Баттар бўлади.