21 June 2014
01:40 - Украина Президенти Порошенко бир ҳафтага ўқ отишни тўхтатишга буйруқ берди ва Донбасга келиб, вазиятни барқарорлаштириш режасини эълон қилди

Украина Антитеррор Операциясининг спикери Владислав Селизнев кеча кечга яқин Украина Президенти Петр Порошенко Антитеррор Операцияси кучларига 20 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан бошлаб 27 июнгача ўқ отишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берганини билдирди.

Бироздан кейин Президентнинг ўзи Украинанинг жанубидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг асосий қисмини номи бўлган Донбассга келди. Табиий, у террорист-сепаратистлар қўлида бўлган Донецк ва Луганск шаҳарларига яқинлашмади, Украина армиясининг назорати остида бўлган ерларда учрашувлар ўтказди ва мамлакатнинг жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича тинчлик режасини айнан шу ерда эълон қилди.

Президентнинг режаси 15 қадамдан иборат бўлиб, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

- Музокара қатнашчилари учун хавфсизлик кафолатланади, қуролини ташлайдиган ва оғир жиноят қилмаганлар жиноий жавобгарликдан озод қилинади;

- Россия-Украина чегараси бўйлаб 10 километрлик буфер зона ташкил этилaди;

- Ноқонуний қуролли гуруҳлар бу ерлардан олиб чиқилади, уларнинг чиқиши учун кафолатли коридорлар яратилади;

- Донецк ва Луганск вилоятларида ноқонуний равишда босиб олинган маъмурий бинолар бўшатилади;

- Маҳаллий ҳокимиятлар децентрализация қилинади (ижроия комитетларини сайлаш, рус тилини ҳимоя қилиш, Конституцияга керакли ўзгартиришлар киритиш йўли билан);

- Вилоят маъмуриятларига раҳбарлар тайинлашда маҳаллий вакиллар билан маслаҳатлашилади;

- Вақтидан аввал парламент ва маҳаллий сайловлар ўтказилади.

Табиий, ўқ отиш тўхтатилгандан кейин қандайдир кучлар қандайдир ҳужумлар уюштирса, уларга керакли жавоб берилиши, Украинанинг бутунлиги сақланиб қолиниш Порошенко тарафидан алоҳида урғуланди.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Москва ва маҳаллий террорист-сепаратистлар бу режани қабул қилмайдилар. Чунки, уларнинг асосий мақсади Украинани парчалаш, Қримни Украинага қайтариб бермаслик.

Европа Иттифоқи расмийлари Порошенконинг режасини олқишладилар ва Москвани ҳам бу режани тан олишга чақирдилар