13 June 2014
19:03 - Ҳамма нарса “Ҳаракат” айтгани каби: Мусулмонлар мусулмонларга қарши жиҳод эълон қилди

Бугун аввалроқ тарқатган хабаримизда Ироқдаги воқеаларни, хусусан, “Ироқ Левант/Дамасқ Исломий Давлати” номли ташкилотнинг сунний жангарилари Ироқнинг шимолидаги Нинова вилояти ва унинг маркази Мусул ҳамда Киркук вилоятининг маркази Тикритни босиб олганларидан кейин, Эрон ўзининг сараланган Инқилобий Гвардия қўшинларини ёрдам учун Ироққа юборганини таҳлил этаркан, бу ердаги шиа-суннийлар қарама-қаршилиги жиддий шаклда ортишини башорат қилган эдик.

Сўнгги хабарларга кўра, “Ироқ Левант/Дамасқ Исломий Давлати”нинг жангарилари Ироқнинг пойтахти Боғдоддан 50 кимлометргача етиб келганлар ва йўл-йўлакай анчагина шаҳар ва қишлоқларни қўлга олганлар.

Боғдодда ҳокимиятда бўлган шиалар талвасага тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Шундай пайтда, оловга яна ёғ сепиш ниятида бўлса керак, Ироқ шиаларининг лидери Оятуллоҳ Али Систаний “Ироқ Левант Исломий Давлати”га қарши жиҳод эълон қилди.

У ўз фатвосида шундай сўзлар ишлатган: “Аҳли Бейит душманлари яна оёқда. Ҳамма шиалар ва Аҳли Бейит тарафдорларини Ислом ҳимоячиларининг ғалабаси учун дуо этишга чақираман. Қўлида қуроли бўлган ҳар ким терроризмга қарши урушда жой олсин. Бу урушда ўлганлар шаҳиддир. Ироқ армияси ҳам жасур бўлиши керак. Ироқли сиёсатчилар мамлакатнинг қуролли кучларига ёрдам берсин ва ҳаммани бирлаштирсин. Исломнинг зафари учун бирлашинг.”

Ваҳолангки, “Ироқ Левант Исломий Давлати” жангарилари ҳам Исломнинг зафари учун курашмоқдалар. Ўртада иккита Ислом – суннийлар ва шиалар.