Ироқнинг шимолидаги, Туркияга чегарадош бўлмаса ҳам, унга яқин бўлган Нинова вилояти ва унинг маркази Мусулни ўзини “Ироқ-Дамасқ Исломий Давлати” деб атайдиган террористик гуруҳ тарафидан 2 кун аввал босиб олинганди. Хабарларда айтилишича, ҳукумат қўшинлари қаршилик кўрсатмасдан вилоят ҳудудини ташлаб кетганлар.
Бу вилоятда эскидан туркманлар аҳолининг сезиларли бўлимини ташкил қилгани сабабли Туркия бу воқеадан хавотирда эканлигини ҳам билдирган эди. Маълум бўлишича, террористлар Мусулдаги Туркия консулхонасини ҳам босиб олиб, 49 кишини гаровга олибдилар.
Ироқ Бош вазири Нурий эл-Маликий ўз аскарларининг бу ишидан ҳайратга тушганини ҳам яширмасдан, ҳарбий кучларни янгидан ташкилотлантириш кераклигини гапирмоқда.
Туркия эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавсизлик Кенгашини Ироқдаги аҳволни кўриб чиқиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказишга чақириш билан чекланмади. Туркия Президентининг қароргоҳида бугун фавқулодда йиғилиш ҳам бўлди. Унда мамлакат Президенти, Бош вазир, Қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Марказий Истиҳборат Ташкилотининг вакили иштирок этган.
Бу йиғилишнинг тафсилотлари хабарларда йўқ, аммо Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, “ҳеч ким Туркиянинг кучини синаб кўриш” ҳаракатига тушмасин, ҳар ким тегишли жазосини олади, деганидан кўриш мумкинки, Туркия тамошабин бўлиб турмоқчи эмас.
Воқеаларнинг давомини кузатиб боришдан бошқа йўл йўқ, дейди мухбиримиз.