06 June 2014
00:45 -
Турк Кенгашининг Бодрумдаги саммити расмиятчилик учрашуви ва дам олишга айланибди

Туркия ахборот воcиталарининг баъзи бирларигина бу саммит ҳақида хабар бериб ўтганларидан тушунса бўладики, аслида, Турк Дунёсининг беш президенти саммит баҳонасида Ўрта ер денгизи бўйида дам олишган, холос.
Қисқа хабарларга кўра, саммит баландпарвоз қуруқ гаплар айтиладиган саҳнага айланган, Турк Дунёси ва жаҳоннинг долзарб муаммолари тилга ҳам олинмаган.
Саммит баҳонасида ҳамма меҳмонлар мезбон, яъни Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул билан учрашувлар ўтказишибди. Табиий, президентлар бир-бирлари билан яккама-якка суҳбатларда ҳам бўлишган.
Бу ташкилотга Турк Дунёсининг аҳоли сони бўйича иккинчи давлати бўлган Ўзбекистон аъзо эмаслиги ҳеч қаерда тилга ҳам олинмаган. Худди, Турк Дунёсида Ўзбекистон йўқдек.
Расмда президентлар қаторида ўнгдан биринчи бўлиб турган одам кимлиги ҳам хабарларда айтилмайди. Тахмин қилиш мумкинки, бу одам Турк Кенгашининг қандайдир доимий органининг раҳбари бўлса керак.