01 June 2014
15:04 - Туркияни президентлик давлатига айлантириш, Ражаб Эрдўғонни президент қилиш режаси расман очиқланди
Бир йил аввал шу кунларда Туркиянинг Истанбул ва бошқа шаҳарларида исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) ҳамда унинг раҳбари Бош вазир Ражаб Эрдўғон олиб бораётган сиёсатга қарши катта намойишлар бўлиб ўтганди. Ҳамма нарса Истанбул марказидаги бир паркни йўқ қилиш ва ўша ер атрофида масчит қуриш режаларига қарши митинглардан бошланган бўлса ҳам, кейин улар мавжуд ҳукуматга қарши намойишларга айланиб кетган.

Туркиянинг катталиги билан учинчи шаҳри бўлмиш Измирда намойишчилар АТПнинг маҳаллий офисини ёқиб ташлаб, "Тойиб мозорга, халқ ҳокимиятга" деган шиор кўтаришгача ҳам бордилар.

Бу воқеалар Туркия исломчилар билан дунёвийлик таарфдорлари ўртасидаги курашни янги босқичга олиб чиқди. Шу йил 30 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда, бир оз аввал ҳукумат ичида катта порахўрли ва коррупцион воқеалар очиқланишига қарамасдан, АТП 45 фоиз овоз олиб, яна биринчи ўринни олган бўлса ҳам, шароит ўзгаргани аниқ. Ҳозир исломчилар дунёвийлик тарафдорларига қарши агрессив сиёсатини юмшатди. Давлат тўнтаришига тайёргарлик олиб боришда айбланиб қамоққа ташланган Қуролли кучларнинг собиқ Бош Қўмондони озод қилинди. Шу иш бўйича юздан ортиқ қамалган одамнинг ишини қайтадан кўриб чиқиш бўйича ҳаракатлар бошланди.

Ҳозир ҳамманинг диққат-эътибори шу йил август ойида бўладиган президент сайловларига қаратилган. Аввалги хабарларимиздан маълумки, АТП очиқча айтмаса ҳам ўз лидери, айни замонда, Бош вазир ҳам бўлган Ражаб Эрдўғонни президент қилиш, ундан кейин ҳозир парламентар бўлган Туркияни президентлик давлатига айлантириш ниятида эди.

Бугун АТП раисининг ўринбосари Меҳмет Али Шоҳин журналистлар олида шундай дебди: “Туркияга президентлик системасини келтирамиз. Президент бўлиб сайланадиган Бош вазир Эрдўғон, ҳам партиямиз вакили, ҳам президент сифатида, 2023 йилгача миллатимизга хизмат қилади.”

Хуллас, бугун маълум маънода тарихий кун. Айнан бугун - Туркияни президентлик давлатига айлантириш, партия лидери Ражаб Эрдўғонни президент қилиш режаси расман очиқланган кундир.