26 May 2014
19:43 - Ҳиндистонда янги Бош вазир - Бхаратия Жаната Партиясининг лидери Нарендра Моди
Ҳиндистон президентлик эмас, парламентар республикадир. Яъни бу мамлакатда лидерлик ролини парламент тарафидан тайинланадиган Бош вазир ўйнайди. Демак, табиий, ҳамма ўйин парламент сайловлари вақтида бўлади

Дунёнинг аҳоли сонига қараб энг катта демократик ўлкаси ҳисобланадиган Ҳиндистонда сўнгги парламент сайловлари шу йил 7 апрелдан 12 майгача ўтказилди. Бу мураккаб, дунёнинг энг бой одамлари билан қашшоқ, уй-жойсиз миллионлаб кишилар бирга яшайдиган давлатнинг парламент сайловлари ҳам мураккаб бўлиб, унинг турли қисмларида сайловлар турли вақтда бўлади.

Ҳаммаси бўлиб 543 депутат сайланган бу сайловларда, майда-чуйда партиячаларни ҳисобга олинмаса, икки сиёсий куч ҳокимиятни қўлга олиш учун курашди – шу пайтгача ҳокимиятда бўлган Ҳиндистон Миллий Конгресси атрофида тузилган Бирлашган Прогрессив Альянс ва мухолифатдаги Бхаратия Жаната Партияси атрофида тузилган Миллий Демократик Альянс.


Сўнгги даврда Ҳиндистон Миллий Конгресси коррупция ботқоғига ботгани ҳақида кўплаб жанжалли хабарлар тарқалгани, мамлакат Ялпи Ички Маҳсулоти режалаштирилган 8-9 фоиз ўрнига 5 фоиз атрофида ўсаётгани сабабли, унинг мағлубияти аввалдан тахмин қилинарди. Амалда шундай бўлди ҳам.

Агар сайловда ғолиб чиқса Индира Гандининг набираси, Ражив Гандининг ўғли Рахул Гандини бош вазирликка тавсия этиши тахмин қилб келинаётган Ҳиндистон Миллий Конгресси атрофидаги Бирлашган Прогрессив Альянс мағлубиятга учради, Бхаратия Жаната Партияси атрофида тузилган Миллий Демократик Альянс ғолиб чиқди.

Унча-мунча одамнинг тушуниши қийин бўлган мураккаб саноқ системаси бўйича Миллий Демократик Альянс парламентдаги 543 жойнинг 339 тасига эга бўлди. Бугун унинг лидери Нарендра Моди Бош вазирлик курсисига расман ўтқазилди.

Норандо Мади халқ ичида коррупция қарши курашчи, ўзи шу пайтгача ҳокимлик қилган Гужарат штатида самарали иқтисодий ислоҳатлар ўтказган одам сифатида танилган бўлса ҳам, Гужарат штатида мусулмонлар билан индуизм тарафдорлари ўртасидаги қонли тўқнашувларни тўхтатолмаганини гапирувчи ва ҳатто уни мусулмонларга қарши бўлган одам сифатида тарғибот қилувчилар ҳам етарлича бор.

Қолаверса, бу мамлакатнинг ички ва қўшнилар билан ташқи муаммолари чексиздек кўринади. Хуллас, Ҳиндистоннинг ички муаммолари бу сайловлардан кейин дарҳол битишини кутиш керак эмас.