26 May 2014
15:34 - Остонада оламшумул воқеалар бўлмоқда, яккамохов Ислом Карим Латвия билан овора
Қозоғистонда тарқатилган расмий хабарларда айтилишича, 29 май куни Остонада Россия, Қозоғистон ва Белорусия президентлари Евросиё Иқтисодий Олий Кенгаши мажлисини ўтказадилар. Ўша мажлисда Владимир Путин, Нурсултон Назарбой ва Александр Лукашенко Евросиё Иқтисодий Бирлиги/Иттифоқи номли ташкилотни тузиш бўйича шубҳасиз оламшумул бўладиган Шартнома имзолайдилар.

Кимгадир ёқадими ёки ёқмайдими, МДҲнинг иқтисоди бўйича энг кучли 3 давлати жиддий бир Иттифоқ яратмоқда. Келажакда бу Иттифоққа Қирғизистон ва Тожикистоннинг қўшилиши кутилмоқда. Ўзбекистон феълан бу Иттифоқнинг қуршовида қолади.

Ўзбекистон бугун бу Иттифоққа кириш керакми ёки йўқ саволи устида ўйлаши, Ўзбекистоннинг сиёсатчи, иқтисодчи, сиёсатшунослари ва оммавий ахборот воситалари, қолаверса, зиёлилари бу масалани муҳокама қилишлари шарт. Аммо, “Ҳаракат”дан бошқа ҳеч ким оғиз очаётгани ҳам йўқ.

Президент Ислом Карим нима қилмоқда? Нима ҳам қиларди, расмиятчилик учун Шанхайда ўтказилган “Осиёда Алоқалар ва Ишонч” саммитига бориб келгач, одатдагидек инида ўтирибди. У эртага Тошкентга расмий ташриф билан келаётган Латвия Президенти Андрис Берзиньш билан учрашса керак.

Латвияга ҳурматсизлик кўрсатиш ниятимиз йўқ. Аҳолиси биздан 14 марта кам бўлган бу давлатнинг Ялпи Ички Маҳсулоти 32 млрд долар атрофида, яъни биздан 1,5 мартагина кам. Демак, киши бошига ЯИМ бўйича Латвиядан энг камида 15-20 баравар орқадамиз. Аммо бу мамлакат билан Ўзбекистоннинг жиддий сиёсий ва иқтисодий алоқалари борлигига ёш бола ҳам ишонмайди.

Хуллас, яккамохов Ислом Карим Ўзбекистонни ҳам яккамоховга айлантирмоқда.

Энди Остонанинг расмдаги “аҳволига” қаранг. Оламшумул ҳужжатлар шундай шаҳарларда имзоланади-да!