26 May 2014
06:47 - Обаманинг кутилмаган ташрифи ва Ҳамид Карзайнинг кутилмаган қўполлиги

Кеча маҳаллий вақт билан кечқурун АҚШ Президенти Барак Обама кутилмаганда Афғонистонга келганди. Табиий, унинг учоғи Қобул яқинидаги америкаликларнинг Баграм авиабазасига келиб қўнди. Бу ҳақда хабар берган Reuters агентлиги Обама америкаликларнинг бу йил 26 майда нишонланадиган Хотира кунида Афғонистонда антитеррор уруши олиб бораётган ўз ҳарбийлари ёнида бўлиш ниятида бу ерга келганини урғулаганди.

Ҳозир маълум бўлишича, Обама бу ерга келгач, Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайни учрашув учун Баграм авиабазасига таклиф қилган экан, у бу таклифни ўзи учун ҳақорат деб билибди ва учрашувга келмабди. Ғарб агентликлари унинг қуйидаги сўзларини кетирмоқдалар: “Афғонистон ҳукумати АҚШ Президентини президент саройида қабул қилишга тайёр, аммо Обама билан учрашувни Баграм ҳарбий базасида учрашишни хоҳламайди.”

Президент сайловларининг яқинда бўладиган иккинчи туридан кейин Афғонистонда янги президент бўлади, Карзайнинг борлиги ҳам унутилади. У, балки, буни ўзи ҳам тушангани сабабли, қўғирчоқ эмас, мустақил бир давлатнинг президенти эканлигини Обамага намойишкорона кўрсатиб қўйишни ўйлагандир.

Аслида, Ҳамид Карзай мутлақо ноҳақ. Унинг президент саройи бутун дунёнинг исломчи-террористлари тарафидан биринчи душман сифатида нишонга олинган АҚШ Президентининг хавфсизлигини тўла таъминлай олмайди. Шуни ҳисобга олиб, Ҳамид Карзай Баграм базасига Обама билан учрашувга келиши керак эди. Қолаверса, америкаликларнинг Афғонистондаги антитеррор уруши туфайли ўрта асрларда қолиб кетган афғонистонликлар 21 асрга чиқиб олаётганини унутмаслик керак. Балки, Ҳамид Карзайнинг бундай нарсаларни тушунадиган даражада ақли ҳам йўқдир.

Расмда – Обама ва Карзайнинг 2012 йил 2 майда ўтказилган Қобулдаги учрашуви.