24 May 2014
13:37 - Ургенч халқаро аэропортида янги терминал очилди, қашшоқлигимиз туфайли бу ҳам бизга кам
Кеча тарқатилган расмий хабарларда айтилишича, халқаро “Урганч” аэропортида янги йўловчи терминали очилди. Бу терминал 1975 йилда қурилиб, яқинда тўла реконструкция қилинган аэровокзал биносида ишлайди.

Янги терминал соатига 300 авиайўловчига хизмат қилолади, VIP ва CIP залларига 200 йўловчи сиғади.

Бу хушхабарни ўқиётганда ҳам нохуш келажагимизни ўйлашга мажбурмиз, дейди мухбиримиз.

Маълумки, Ўзбекистоннинг иқтисоди чўкмоқда, давлат сифатини йўқотмоқдамиз. Иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бўйича 2005 йили Қозоғистондан 5,5 баравар, 2 йил аввал 8 баравар орқада бўлсак, бу йил 10 баравар орқадамиз. Ўртача ойликда ҳам аҳвол шундай. Бизда ўртача ойлик 90 доллар, қозоқларда 700 атрофида. Ўзбек профессорлари катта шаҳарлардаги қозоқ дворникларидан кам маош олишади.

Бундай аҳволда ўзбекларнинг асосий қисми мамлакатдан қочиш орзуси билан яшаётгани табиийдир. Хоразмликлар ҳам айнан шундай. Қочадиган жой ҳам маълум – Ғарб ёки Узоқ Шарқ. Демак, бизга кўпроқ одам ўтказадиган халқаро аэропортлар ва терминналлар жуда зарур.