22 May 2014
20:31 - Россия Хитойга катта миқдорда ва катта нархда газ сотиш шартномасисини имзолади, Ўзбекистон қанчадан газ сотмоқда?

Россия ахборот воситалари Президент Путин кеча “Осиёда Алоқалар ва Ишонч Кенгаши” (ОАИК) саммитида қатнашиш учун Шанхайга келиб, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан ҳам учрашгани ва айнан шу учрашув натижасида Хитойга газ сотиш бўйича янги Шартнома имзоланганини хабар қилдилар.

Россиянинг “Газпром” холдинги билан Хитойнинг CNPC компанияси ўртасида имзоланган шартномага кўра, Россия 30 йил давомида ҳар йили Хитойга 38 млрд кубометрдан газ сотади. Шартномада газнинг нархи қанча бўлгани айтилмайди, бу ҳақда икки тараф келишган эмиш. Аммо, ишончли манбалардан олинган маълумотларга асосланиб, бир минг кубометр газнинг нархи 350 доллар эканлиги хабарларда тилга олинади.

Украинадаги кризис туфайли Ғарбнинг, яъни ЕИ ва АҚШнинг Россия билан алоқалари ёмонлашиб, ЕИ Россиянинг газидан воз кечиш ёки унга боғликликдан қутилиш йўлларини қидираётган пайтда газ бўйича Россия-Хитой шартномасининг имзоланиши Ғарбнинг мағлубияти сифатида баҳоланмоқда.

Аммо, ўзбеклар учун бу шартномада газнинг нархи қанча бўлгани бошқа жиҳатдан ҳам жуда муҳимдир. Чунки, Ўзбекистон Россияга ҳам, Хитойга ҳам, газ сотади. Бироқ сотаётган газимизнинг нархи ҳеч қаерда очиқча айтилмайди. Кремлнинг вассали бўлган Ислом Карим Россияга газни арзон нархда сотилаётгани ҳақида анчагина ишонарли фикрлар бор.

Лекин, Хитойга газ қандай нархда сотилаётгани эса, бутунлай номаълум. Руслар Хитойга газнинг бир минг кубометри учун нархни 350 долларга чиқарганлари Владимир Путиннинг катта ғалабаси деб ҳисобланмоқда. Хўш, Ислом Каримнинг мағлубияти ўзбек халқига қанчага тушмоқда?