17 May 2014
14:15 - Руслар қримтатарларига мотам маросимлари ўтказтирмаслик учун масхарабозлик даражасидаги айёрлик қилмоқдалар, Турк Дунёси қаерда?
Кеча хабарларимиздан бирида қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғлининг Россия ҳар йили 18 майда қримтатарлар депортациясининг йиллиги муносабати билан ўтказиладиган мотам маросимларини бу йил ўтказишга рухсат бермагани ҳақидаги сўзларини келтирган эдик. Ҳозир маълум бўлишича, депортациянинг 70 йиллигини нишонлашга йўл қўймаслик учун Москва масхарабозлик даражасидаги айёрлик қилишга ўтибди. Тўғрироғи, ноқонуний Қрим ҳукумати, табиий, Москванинг топшириғи билан, Қримда шу йил 6 июнгача ҳар қандай митинг-намойиш ўтказишни тақиқлабди. Айёрликни қаранг, гўёки бу тақиқ фақат қримтатарлари учун эмас, ҳамма учун. Аслида, русларнинг мақсади - Қримнинг Россияга ноқонуний қўшиб олинишига қарши чиқаётган қримтатарларини жазолашдир.

Кеча бу хусусда махсус брифинг берган Қримтатар Халқ Мажлисининг раиси Рефат Чубаров жуда эҳтиётлик билан гапириб, халқ мотам маросимлари уюштириш учун майдонга чиқиш ниятида эканлиги, аммо Мажлис уларнинг огоҳлантириб, оқибатларини ўйлашга чақираётганини билдирди. У маҳаллий ҳокимият билан музокарлар давом этаётгани, 17 майда ҳам брифинг беражагини алоҳида таъкидлаган.

Қримтатар Халқ Мажлисининг расмий сайтида айтилишича, бугун Рефат Чубаров ва унинг бир қатор сафдошлари Қримга келган Россия Обмудсмени Элла Памфилова билан учрашдилар (расмда). Бу ерда ҳам мотам маросимларининг тақиқланиши тилга олинди. Аммо, Путиннинг қўғирчооғи бўлган Россиянинг гўёки бош ҳуқуқ ҳимоячиси Элла хоним умумий гаплардан нарига ўтмади.

Ҳа, қримтатарлари қийин аҳволда. Уларни очиқча қўллаб-қувватлаши керак бўлган Турк дунёси жим турибди. Туркия руслар билан алқаларни бузишдан қўрқмоқда, Ўзбекистонда Лубянканинг қўғирчоғи бўлган Ислом Карим раҳбарлигида тожиклар ҳукмрон, бошқа туркий давлатларнинг тиши йўқ.