16 May 2014
12:08 - Ҳиллари Клинтон АҚШнинг биринчи аёл президенти бўлиши муқаррарми?
Reuters агентлиги Ipsos ташкилоти билан ўтказган полл/сўровнома натижаларига кўра, америкаликларнинг ярмидан кўпи 2016 йилда бўладиган президентлик сайловларида аввалги Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишига ишонади.

Аниқ рақамлар ҳам келтирилган. Ҳиллари Клинтон президент бўлишига ижобий қарайдиганлар 57 фоиз, қарши бўлганлар 43 фоиз. Республикачиларнинг сал кам 25 фоизи Демократ партия вакили бўлган бу аёлга ижобий қарайди. Сўровномада қатнашганларнинг 96 фоизи уни сиёсатчи сифатида танийди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Ҳиллари Клинтон 2016 сайловларида қатнашиш ниятини очиқлагани йўқ, аммо у феълан сайлов олди кампаниясини бошлаб юборди. Reuters агентлиги бугун ёзишича, 20 йилдан бери сиёсат билан шуғулланаётган 66 ёшли Клинтон шу йил ноябрда бўладиган қисман парламент сайловларидан кейингина ўз номзодини кўсатиш-кўрсатмаслик ҳақида қарор беришини гапирмоқда экан.

“Ҳаракат” Агентлиги шу йил 20 январдаги хабарида қуйидаги таҳлилни берганини эслаш муҳим:

* * *

Ҳозир Ҳиллари Клинтоннинг одамлар шу йўналишда иш бошлашганга ўхшайди. Шу кунларда муқовасида “Ҳиллари учун тайёрмисиз? У АҚШ Президенти бўлишини истайман деганлар рўйхатига қўшил” деб ёзилган Интернетдаги сайт ўз ишини бошлади.

Саҳифанинг кириш сўзида, бу - бир неча кишининг шахсий ташаббуси эканлиги урғуланади, ва ҳатто, одамларга On-line режимида ҳайрия пули жўнатиш йўли ҳам кўрсатилади.

2008 йилнинг бошларида Демократик Партиянинг номзодлари праймериз бошлашганда, унинг биринчи тури тарихий анъанага кўра, Нью-Хемпшир штатида ўтган, айнан “Ҳаракат” Агентлиги, балки, ҳаммадан биринчи бўлиб, Барак Обама бу сайловларни ютиши кўринаётганини ёзган эди. Сабаб ўлароқ, Нью-Хемпшир штатидаги праймеризда ҳамма танийдиган Ҳиллари Клинтон эндигина сиёсий саҳнада кўринишга бошлаган Барак Обама устидан бор-йўғи 5 фоиз овоз билан ғалаб қозонгани кўрсатган эдик. Айнан биз башорат қилгандек бўлди, Обама президентликка сайланди.

Ҳозир 2016 йилда бўладиган сайловлар хусусида башорат қилиш қийин. Аммо, праймеризлар бошланадиган давргача демократлар ёки республикачилар ичида биронта ёрқин сиёсатчи чиқиб қолмаса, ҳозир ундайлар йўқ, Ҳиллари Клинтон АҚШнинг навбатдаги президенти, муҳим бўлгани, биринчи аёл президенти бўлиши муқаррар.