15 May 2014
15:18 -
Муфтийнинг қариндошлари ўғри чиқди, фатвони ким беради? (“Эзгулик” жамиятининнг пресс-релизи, №14, 14.05.2014)

Кўкрак қафаси, қорин олд тўқималари қаттиқ шикастланган, пастки жағи уч жойи ва қўл тирсаги синиб, бош мияси оғир жароҳатланган Ш.Нурматовни Самарқанд вилоят тиббиёт бирлашмасида операция қилишиб жағи ва ўнг қўл тирсагидаги синган суякларни метал “спица”лар билан улаб қўйган. 30 апрель куни уйига келиб ҳам Ш. Нурматов жароҳатлари битмагани боис набиралари билан гаплашолмаган. Бунинг устига у ўша куни 4 яшар набираси Севинч қаттиқ қўрққанидан нутқини йўқотиб, дудуқ бўлиб қолган, 3 яшар Шоҳжаҳоннинг ҳам нигоҳида қўрқув қотиб қолган., ёт одамни кўрса дарҳол бир бурчакка яширинади.
Дастлаб ушбу босқинчиликни содир этган жиноятчилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қилни қирқ ёрувчи ходимлари томонидан топилса-да, жиноят фош этилмаслигидан манфаатдор айрим муҳатам зотларнинг аралашуви оқибатида боши берк кўчага кириб қолди. Ана шу муҳтарам зотларнинг энг каттаси, жинояитчи босқинчиларнинг яқин қариндоши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовдир. Қолганлари Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва ҳоказо идораларда савлат тўкиб ўтирибди.
2011 йилнинг 26 апрелида то 2014 йилнинг 14 майига қадар мурожаатларга турли идоралардан олинган жавобларининг сони 166 тага етди! Ҳолбуки, жиноят содир бўлган тундан сўнг эрталаб 12 апрель куни сўроқ қилинган гумондор Ҳожиакбар Рахмиддинов жиноятни Рахмитдинов Акром, Илёс Пирматов, Хуршид Аппоқов, Азим Ўроқов, Жаҳонгир Рахмитдиновлар билан биргаликда олдиндан тузилган режа бўйича амалга оширганликларини бўйнига олган. Лекин юқорида айтилганидек, иш бошидаги прокурору миршаблар муҳтарам эшонимизнинг муридлари, юзидан ўтиша олмайди.
Фуқаро Шакарбой Нурматов ҳам калтакланган, ҳам мол-мулкидан ажралган. Туҳматга учраб қамалиш ёки кутилмаган “фалокат”дан қўрқиб яшамоқда. Қўйлар аллақачон Сирдарёда, жиноятчиларнинг ўзи Самарқандда қўлга тушганди, аммо иш олдинга юрмаяпти.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан ҳодиса бўйича дарҳол изоҳ беришни сўрайди.
Суратда: Шакарбой Нурматовнинг босқинчиликдан кейинги аҳволи