11 May 2014
07:38 - Бугун Донецк ва Луганск вилоятларида сепаратист/террористларнинг ноқонуний референдуми ўтказилади, Россия ва Ўзбекистонни оғир кунлар кутади


Москва тарафидан тайёрланган ва бошқарилаётган қуролли сепаратист/террорист гуруҳлар Украинанинг жанубини забт этиб бўлдилар ҳисоб. Энди улар ёлғондакам референдум ўтказиб, Луганск ва Донецк вилоятларини мустақил республикалар деб эълон қилишмоқчи. Кейин улар ёки Россияга қўшилишади ёки Абхазия ва Жанубий Осетия каби расман мустақил, аммо феълан Россининг таркибида бўлишади.

Кўринишидан, асосан русларнинг қўлида бўлган Украина армияси, милицияси ва ҳатто хафвсизлик хизматлари сепаратист/террористларга қарши ҳеч нарса қилмайдилар, аксинча уларни қўллаб-қувватлайдилар.

Аммо, Украинанинг бутунлигини очиқча ҳимоя қилаётган Ғарб билан Украинани парчалаш йўлига кирган Россия ўртасидаги совуқ уруш ўта жиддийлашади. Ғарбнинг санкциялари шундоқ ҳам кризисга кириб келаётган Россия иқтисодини оғир аҳволга туширади. Охир-оқибатда Россия Федерациясининг парчаланиш эҳтимоллиги энг юксак нуқтага чиқади. СССРнинг парчаланишидан қолишмайдиган воқеалар юз беради.

Ўзбекистоннинг иқтисоди Россияда ишлаётган ўзбек мардикорларининг пули билан оёқда турганини ҳисобга олсак, Ўзбекистонни ҳозиргисидан ҳам оғир кунлар кутади. Бунга тайёрланавериш керак.