03 May 2014
03:26 - Сўровнома натижаси: Америкаликлар жаҳон аренасидан чекинишни истайдилар

Wall Street Journal газетасининг шу йил 30 апрель сонидаги мақоланинг номи айнан шундай, “Сўровнома натижаларига кўра, америкаликлар жаҳон саҳнасисдан чекинишни истайдилар”. Табиий, бу ерда “жаҳон аренаси” деганда нима тушинилиши муҳим. Бу нарса эса, мақоланинг матнидан маълум бўлади.

Сўровнома Wall Street Journal газетаси ва NBC News телеканали тарафидан ўтказилган, америкаликларнинг кўпчилиги жаҳон ишларида АҚШнинг ролини камайтириш тарафдори эканлиги аниқланган. Аввалги ўн йилликлардан фарқли ўлароқ, сўровномада қатнашганларнинг сал кам ярми АҚШ глобал масалаларда камроқ фаоллик кўрсатишини, бешдан бири эса, аксинча, янада фаолроқ бўлишини истар экан.

Сўралганларнинг 38 фоизигина Президент Барак Обаманинг ташқи сиёсатини тасдиқлашга тайёр. Бу унинг президентлик йилларидаги энг паст кўрсатгичдир.

Ўтган йили Pew Research Center ўтказган сўровномааларда 53 фоиз одам АҚШ ўз иши билан машғул бўлиб, бошқа мамлакатларни ўзига ташлаб қўйишни афзал кўришган. Ваҳолангки, 1995 йилда бундайлар 41 фоиз, 1964 йилда эса 20 фоиз бўлган экан.

Обаманинг Россия-Украина можараси давомида олиб бораётган сиёсатини 37 фоиз одам қўллаб-қувватлабди, март ойида бундайлар 47 фоиз бўлган эмиш. Лекин унинг умумий ишини қўллаб-қувватловчилар март ойига нисбатан 3 фоиз юксалиб, 44 га чиқибди.

Сўралганларнинг 48 фоизи жаҳондаги глобаллашув жараёнлари АҚШ иқтисодига салбий таъсир кўрсатганини айтишса, 43 фоизи ижобий дебди.

Бу сўровнома натижалари америкаликлар Афғонистон ва Ироқдаги урушдан тўйганларини кўрсатаётган бўлиши мумкин, дейди мухбиримиз. Агар АҚШ ўзи тўғридан-тўғри аралашаётган Россия-Украина конфликтида ҳам ёрқин ютуққа эришмаса, ташқи дунёга қўл силтайдиган америкаликларнинг сони яна ҳам ортиши муқаррар. Аммо, бу нарса айнан ташқи дунёнинг зарарига бўлади.