29 April 2014
14:06 - Нурсултон Назарбой “ХХI аср буюк ва фаровон Евросиёнинг юзйиллиги” бўлишини гапирмоқда, Ўзбекистоннинг ўрни қаерда?
Кеча Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Москва Давлат Университетининг ўқитувчилари ва талабалари олдида “Евросиё Иттифоқи ғоясидан - евросиё интеграциясининг янги уфқларига” номли лекция ўқигани Қозоғистоннинг давлат ахборот агентлиги - Казинформ тарафидан хабар қилинди ва лекциянинг тўла матни эълон қилинди.

Ўз лекциясининг асосий қисмини “20 йил аввал шу Университет деворлари ичида биринчи бўлиб Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тузиш ғоясини таклиф қилган эдим” сўзлари билан бошлаган Қозоғистон Президенти 21 аср айнан Евросиёнинг юз йиллиги бўлишини мумкинлиги ва кераклигини ўз аргументлари билан исботлашга ҳаракат қилган. Ва айтиш мумкинки, исботлаган.

Нурсултон Назарбой Евросиё Иттифоқи мавзусидан ҳам юқорига чиқиб, қўйидаги фикрларни ҳам билдирибди:

“Евросиё интеграцияси яқинлашиб келаётган Учинчи жаҳон индустриал инқилобида бизга афзалликлар беради. Бу инқилоб жаҳоннинг ҳозирги тизимидан кўпқутбликка ўтиш даврида бўлмоқда. Жаҳондаги мавжуд беқарорлик – фақатгина иқтисодий эмас, халқаро ҳуқуқ ва глобал сиёсатдаги кризисдир.

У билан G-8 ва G-20 ҳам олишолмайди. Айнан шу сабабдан мен 2012 йилда G-GLOBAL ғоясини олға сурганман. Унда интерактив бичимда 160 давлат иштирок этади. G-GLOBAL XXI асрнинг фундаментал принципларини ўз ичига олади – эволюция, адолат, тенглик, консенсус; глобал толерантлик и ишонч, глобал транспарентлик; конструктив кўпқутблик.”

G-GLOBAL бахс қилишни талаб қиладиган мавзу, дейди мухбиримиз. Аммо, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи амалда яратилмоқда. Россия, Қозоғистон ва Белорусия тарафидан яратилмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон ҳам унга қўшилишга мойиллар. Шундай бўлса, Ўзбекистон Марказий Осиёда қуршовда қолади. Ўзбек сиёсатчилари, расмийлари ҳам, мухолифатдагилари ҳам, бу хавф тўғрисида ўйлашлари, биз нима қилишимиз керак деган саволга жавоб қидиришлари керак.

Қолаверса, Ўзбекистон ҳам Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириши керакми? Европа Иттифоқи яқин орада биз билан қизиқиши муаммоли, демак, яккамоховликка маҳкуммизми?

Дарвоқе, Нурсултон Назабой бугун Минскка келди. Бу ерда Россия, Қозоғистон ва Белорусия президентлари йиғилиб, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тузиш йўлида қилинадиган амалий қадамларни муҳокама қилишади.