
Хитой Халқ Республикасининг раиси Си Цзиньпин, президенти деса ҳам бўлади, бу лавозимга ўтиргандан бери биринчи марта расмий номи Шинжон-Уйғур автоном ўлкаси бўлган Уйғуристонга икки кунга (27-28 апрель) келиб кетибди. Бу ҳақда Синхуа агентлиги Си Цзиньпиннинг сафаридан кейин хабар эълон қилди.
Хабарга илова қилинган расмдан ва хабарнинг ўзидан тушунса бўладики, Си Цзиньпинни Уйғуристондаги аҳвол эмас, у ердаги миллий-озодлик ҳаракати хавотирга солмоқда. Қаранг, бу хабарга Хитой раҳбарининг асосан хитойлилардан иборат аскарлар билан кўришишини тиқиштиришдан мақсад нима?
Хабарда Си Цзиньпиннинг асосан терроризм билан курашиш ҳақидаги сўзларига жой берилган.
Тўғри, хабар охирида Шинжон-Уйғур ўлкасининг аҳолиси 23 миллионга яқинлашгани, уларнинг 60 фоизи ерли халқ вакиллари эканлиги айтилади ва 2013 йил натижиларига кўра, бу ўлкада Ялпи Ички Маҳсулот 851 млрд юан бўлгани эслаб қолинади.
Юаннинг долларга нисбатан курси тушуниш қийин даражада бўлса ҳам, ЯИМ ҳажми тахминан 100 млрд доллар деб тахмин қилиш мумкин. Солиштириш учун айтиш керакки, аҳолисининг сони 30 млн бўлган Ўзбекистонда ЯИМ 45 млрд доллар атрофида.