25 April 2014
22:22 - Илмсиз археолог Амриддин Бердимурадовнинг валдирашлари ва ўзбеклар миллат сифатини тезроқ тиклашлари кераклиги ҳақида
Мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситаларидан бири 12news.uz сайти ЎзА агентлигига асосланиб билдиришича, Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибидаги Археология Институти директори, тарих фанлари кандидати Амриддин Бердимурадов бизнинг ўлкада кўп уруш ва вайронагарчиликлар бўлгани сабабли, илмий-маданий меросимизнинг катта қисми бутунлай йўқ бўлганини айтганмиш.

Мисол сифатида 973-1048 йиллари яшаган Абу Райхон Беруний минг йил аввал Атлантик океанининг ғарбида қитъа ва ороолар борлигини тахмин қилгани, у ёзган 154 асардан 24 тасигина бизга етиб келганини яна бир бор такрорлабди.

Тўғри, ростдан ҳам шундай. Аммо, олим деган одам ҳамма воқеаларнинг моҳиятига чуқурроқ қараши, бу воқеалар атрофида туғиладиган саволларга жавоб бера билиши керак. Қолаверса, айнан ўзбек журналистлари ўртага саволлар қўйишга ўрганиши керак.

Нима дунёнинг бошқа жойларида уруш ва вайронагарчиликлар бўлмаганми, илмий-маданий мероснинг катта қисми йўқолмаганми? Урушлар бўлган, кўп нарсалар йўқ бўлган. Дунёнинг 7 мўъжизаси ҳисобланадиган иншоотлар ҳеч қандай урушсиз бузилиб йўқ бўлганини эсланг.

Беруний минг йил аввал яшаган. Уни қўйиб турайлик, 400 йил кейин яшаган Улуғбек қурдирган оламшумул, баҳайбат расадхона ҳам урушда вайрон қилиндими? Уни ислом уламолари атайлаб йўқ қилишмадими? Агар бизни руслар босиб олмаса, босқинчи рус археологи Вяткин 20 йил қидириб, шу расадхона қолдиқларини бизга топиб бермаса, ҳали ҳам чаласовод ислом уламоларнинг қули бўлиб яшаётган, Улуғбек деган олимимиз ҳам борлигини, у расадхона қурдирганини ҳам билмасдан юрган бўлмасмидик? Берунийнинг асарлари ва унинг фикрлари Қуръонни хато тафсир қилган чаласавод ислом уламоларига кўра, гўёки Қуръонга қаршидек бўлиб кўрингани учун йўқ қилинмадими?

Тўғридан-тўғри археологияга алоқаси бўлмаса ҳам, қуйидаги тарихий фактни эслайлик. Бор-йўғи 25 йил аввал “Бирлик” уюштирган митинглар босими ва талаби остида ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди, кейин СССР парчаланди, Ўзбекистон мустақилликка эришди. Бироқ, ҳозир мактаб китобларида ҳам буларни Ислом Карим қилганини, у тожик биз ўзбекларга шундай соғалар берганини ёзишади. Эй, ўртоқ Амриддин Бердимурадов, уруш ва вайронагарчиликлар туфайли ўзбеклар 20-25 йил аввалги тарихини ҳам билмайдиган даражага тушдиларми, миллат сифатини йўқотдиларми?

Ўзини археолог деб ҳисоблайдиган Амриддин Бердимурадов каби аҳмоқлар бизда олимлик қиладиган бўлса, ЎзА ва 12news.uz сайтидаги каби ақлсиз журналистлар хабарчилик билан шуғулланса, ўрта асрларда каби яшаб юраверамиз.

Эй, ўзбеклар, кўзингизни очинг. Тарихимизни Амриддин Бердимурадов ва ЎзА, 12news.uz журналистлари каби юзаки эмас, моҳиятан ва чуқур анализ қилишга ўрганинг. Акс ҳолда, мардикорлар падалигича қолиб кетаверамиз.

Расмда – Ал-Берунийнинг кейинчалик чоп этилган китобларидан бирида берилган ойнинг фазаларини кўрсатувчи иллюстрация.