13 April 2014
07:38 - Озорбайжонда мухолифатчи “Мусават” Партияси маҳаллий сайловларда қатнашмоқчи, ўзбек мухолифати нима қиларди?

Маълумки, Озорбайжонда бир-биридан принципиал фарқи бўлмаган бир қатор мухолифатчи партиялар бор. Улар доим бир-бирлари билан жанг қилишади, турли сайловларга ҳам ҳеч бўлмаса коалиция сифатида киришмайди. Ўтган йили бўлиб ўтган президент сайловлари арафасида демократик мухолифат бирлашди ҳам, умумий нозод кўрсатди ҳам, аммо кўзга кўринадиган натижага эришолмади. Чунки, бирлашиш қоғоздагина бўлиб, кўрсатилган номзод сиёсат билан жиддий шуғулланмаган, ҳеч қайси партияга аъзо бўлмаган тарихчи олим эди. Мухолифатдаги партияларнинг кўзга кўринган лидерлари эса, осмон узилиб тушса ҳам, умумий лидер масаласида келиша олишмайди, чунки, уларнинг ҳар бири фақатгина ўзини лидер деб ҳисоблайди.

Кеча мухолифатдаги иккита асосий кучдан бири бўлган “Мусават” Партияси ўзининг марказий бошқарув органида шу йил декабрь ойида бўладиган маҳаллий сайловларда қатнашиш ҳақида қарор қабул қилди, дейилади мухолифатга яқинлиги билан билинган Сontact.az сайтидага хабарда. Бу партиянинг раиси, Элчибей президентлик қилган вақтда ўтиш даври парламентининг раиси ҳам бўлган Иса Қамбар (расмда) шундай дебди: “Мен маҳаллий сайловларда иштирок этиш тарафдориман. Биз бутун кучимизни бу сайловларга ташлашимиз керак. Бу - тоғлар орқасида бўлмаган парламент сайловларига тайёрланиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.”

Хуллас, шундай қарор қабул қилинди: “Мусават” Партияси маҳаллий сайловларда қатнашади. Бу мутлақо тўғрии қарор. Аммо, партиянинг қарорида бошқа мухолифатчилар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳеч нарса дейилмагани тўғри эмас, дейди мухбиримиз.

Билмаганлар учун эслатиш лозимки, Озорбайжон мухолифати билан Ўзбекистондаги мухолифат орасида жиддий фарқ бор. Озорбайжонда “Мусават”дан ташқари, кучи билан ундан қолишмайдиган Озорбайжон Халқ Фронти Партияси ва кучи йўқ ҳисоб бир қатор партиялар бор. Ўзбекистонда эса, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясидан ташқари мамлакат ичкарисида ўз структурасига эга бўлган биронта партия ёки ташкилот йўқ. Шу сабабли, миллат ва давлатнинг тақдири хусусида ўйлаш қобилиятига эга бўлган ҳамма ўзбекларнинг “Бирлик” атрофида бирлашишдан бошқа йўллари йўқ.