13 April 2014
03:16 - Украина жанубида вазият кескинлашмоқда, Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши йиғилди, АҚШ вице-президенти Украинага келмоқчи
Очиқғини айтса, Украинада вазият кескинлашмоқда, Россия ҳаддан ошмоқда, у қуроллантирган ва бошқараётган кучлар тўғридан-тўғри босқинчилик қилмоқдалар, Украинанинг Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши “нима қилиш керак?” саволига жавоб қидирмоқда, АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Украинага келмоқчи, дейиш керак.

Украинанинг Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши Президент вазифасини бажарувчи Александр Турчинов раислигида фавқулодда йиғилишини ҳозиргина тамомлагани ҳақида ўта қисқа хабар тарқатилди. Унда айтилишича, йиғилишда Украинанинг жанубида антитеррористик тадбирлар ўтказиш ва вазиятни нормаллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Қандай қарорлар қабул қилингани айтилмайди. Аммо, хабардаги жумладан тушунса бўладики, рус сепаратисларига қарши антитеррристик деб ҳисобланадиган жиддий тадбирлар қўлланилмоқчи.

Аммо, буни қилиб бўладими?

Афтидан йўқ, чунки, Россия ростдан ҳам ҳаддан ошиб, Украинанинг жанубий вилоятларида, биринчи навбатда, Харьков, Донецк ва Луганск вилоятлари ҳақида гапириш керак, ўзи қуроллантириган ва ўзи бошқараётган кучлар билан Киевдан мустақил бўлган ҳокимиятлар яратиш билан жиддий шуғулланмоқда. Бу кучлар расмий милициянинг ортиқча қаршилигисиз, маҳаллий ҳокимият идораларини босиб олмоқдалар.

Маҳаллий милиция кучлари ҳам асосан русларнинг қўлида эканлиги маълум бўлиб бормоқда. Аммо,улар Киевдаги ҳукуматга бўйсунсалар ва сепаратистик кучларга қарши куч ишлатсалар, вазият янада ёмонлашиши мумкин. Чунки, Россия расмийлари Украинанинг жанубидаги гўёки тинч намойишчиларга қарши куч ишлатилса, Россия уларни ҳимоя қилишга ташланишини очиқча айтмаслар ҳам, шунга имо-ишора қилмоқдалар.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз мамлакати Украинанинг шарқида Қримда каби ҳаракат қилмаслигини, яъни Украинанинг шарқий вилоятларини тўғридан-тўғри босиб олиш ниятида эмаслигини айтаётган бўлса ҳам, биронта баҳона билан Россия фикр алмаштириши мумкинлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Украина ҳукуматининг мақсади, рус сепаратистларига қарши кескин ҳаракат қилмасдан, улар билан мулоқот қилиш ва ҳатто бу вилоятларга кўпроқ ваколатлар бериш йўли билан вазиятни юмшатиш, охир-оқибатда Россиянинг тўғридан-тўғри бу ердаги ишларга аралашишининг олдини олиш.

Украина ҳукуматини қўллаб-қуввватлаш мақсадида АҚШ вице-президенти Жозеф Байден 22 апрель куни Киевга келмоқчи.

Аммо, 22 апрелгача нима бўлишини ҳозир ҳеч ким билмайди.

Расмда - навбатдаги бинони босиб олган руслар уни автошиналар билан ўраб олмоқдалар. Уларни эса қуролланган одамлар қўриқламоқда.