
Нью-Йорк фондлар бозорида нималар бўлаётгани ҳақида ҳар ҳафта сўнгида хабар бериш анъанамиз ҳам бироз бузилди. Бугун уни тикламоқчимиз.
Бу ҳақда уч ҳафта аввал, яъни 22 мартда берилган сўнгги хабаримизда Нью-Йорк фондлар бозорининг асосий кўрсатгичи Dow Jones индекси ўша ҳафтада асосан ўсиб боргани ва ҳафтанинг охирги иш куни бўлган 21 мартда 16303 да тўхтаганини билдиргандик.
Хўш, ўтган 3 ҳафтада нималар бўлди? Март ойининг охиригача ва ҳатто 3-4 апрелгача Dow Jones ортиб борди ва ҳатто тарихий рекорд қўйиб, 16631 гача чиқди. Аммо, ундан кейинги 10 кун ичида баъзи зиг-загларни ҳисобга олмасак, асосан тушди ва жорийдаги ҳафтанинг сўнги иш куни, яъни кеча 16027 да тўхтади. Демак, 10 кун ичида Dow Jones 604 поғана, яъни 3,6% пастга шўнғиди. Лекин, Dow Jones индексининг 14-16 минг ичида чайқалиб туриши табиий нарса, баъзилар ўйлаётгандек, иқтисоднинг тушаётганининг кўсатгичи эмас.
Қисқа вақтли тушишлар ҳам инвесторлар ва пулини биржада сотилаётган акцияларда сақлаётганлар учун яхши эмас, улар пул йўқотдилар. Аммо, бундай тушиш-чиқишлар доимо бўлиб тургани сабабли, қисқа вақтга эмас, узоқроқ муддатга қараш керак.
Мана, расмда Dow Jones индексининг 1 йиллик ўзгаришини кўрмоқдасиз. 2013 йили ўртача олганда асосан ўсиш бўлди, январда катта тушиш бўлса ҳам, кейинги умумий ўсишлар ичида тушишлар ҳам бор. Демак, ҳозир АҚШда яшаётганлар учун пулни фондлар бозоринг акцияларида сақлаш фойдалироқ. Банкда бериладиган фоиз жуда кичкина бўлгани сабабли, охирги 10 кунликдаги тушишларга қарамасадан, пулини фонд биржасининг акцияларида сақлаётганлар катта фойда олмоқдалар.
Анчадан бери ёзаётганимиздек, мақсадимиз АҚШлик ўзбекларга бу масалада доимий маслаҳатчилик қилиш. Аммо, бу осон иш эмас. Маъсулиятдан ташқари, яхши мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Мутахассислар ҳам пулга ишлайдилар.
Бизга бу масалада ёрдам беришни истаганлар бўлса, сайтимизнинг ”Юзга юз минг” кампанияси бўлимига кириб, ўша ердаги сўнгги мурожаатларимиз билан танишишлари мумкин.