
Бу санага бағишланган тантанали йиғилиш бўлгани ҳақидаги хабарини UzReport агентлиги қуйидаги сўзлар билан бошлайди: “Мамлакат иқтисодиётининг ҳолати фонд бозорининг ривожланишига боғлиқ деб ҳисобланади”.
Шу билан иш битти, жаноб “ўзрепорт”чилар. Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, жаҳондаги ривожланган давлатларни қўйиб туринг, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 марта орқада. Аҳолининг ўртача ойлиги масаласида ҳқм аҳвол шундай. Қозоқларда ўртача ойлик 700 долар атрофида, бизда 90 доллардан ҳам кам. Демак, фонд биржамиз ёмон бўлгани учун иқтисодиётимиз шундай аянчли аҳволда эканда?
Фонд биржамиз шунчалик ёмон бўлса, қайси аҳмоқ унинг 20 йиллигини нишонлашга қарор берди?
Маълумки, “Тошкент” фонд бижаси замонавий биржа вазифасини бажармайди. Бажариши учун авваламбор Ўзбекистон бозор иқтисодига ўтиши, хусусий корхоначалар эмас, ўз капиталини акцияларга айлантириб сотадиган катта бой ёки корхоналар бўлиши керак. Булар Ўзбекистонда йўқ. Ҳарқандай бой, биринчи навбатда, инвестордир. Аммо, шунга ҳам ақли етмайдиган бош иқтисодчимиз Ислом Карим бойларни оллигарх, қўпол қилиб айтсак, четдан туриб бойлиги билан ҳокимиятни феълан бошқарадиганлар, деб ҳисобайди ва бундай бой/инвесторлар пайдо бўлишига асло йўл бермайди.
Демак, бизга ҳеч қандай фонд биржасининг ҳам кераги йўқ. Аслида, бизда фонд биржаси йўқ. “Тошкент” номи берилган фонд биржасининг асосий иши эса валюта алмаштириш. Ким билади, бу биржанинг 20 йиллик тўйига қора бозордаги валютафурушларни ҳам чақиришгандир. Қолаверса, ўша валютафурушлар қўлида айланадиган пулнинг миқдори “Тошкент” биржасиникидан қолишмаса керак.
Ҳа, дарвоқе, биржалар акциялар бозоринг ҳар дақиқадаги даражасини кўрсатувчи индекс ва ёки индесларга эга бўладилар. Масалан, Нью-Йорк биржасининг асосий асосий кўрсатгичи Dow Jones индексидир, Москва биржасида ММВБ ва Индекс индекслари бор. “Тошкент” биржасида ҳеч қандай индекс ҳам йўқ, чунки, биржанинг ўзи йўқ. Қонунлаштирилган валютафурушлар бор, холос.