11 April 2014
22:16 - Куласизми, йиғлайсизми? Қўғирчоқсифат Олий Мажлис Сенати ишламайдиган Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритибди

Кеча Олий Мажлиснинг юқори палатаси Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади, дейилади бугун тарқатилган расмий хабарларда. Қонун лойиҳаси Президент Ислом Карим тарафидан тақдим этилган экан. Ҳаммаси бўлиб, Конституциянинг 6 та моддасига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилибди – булар 32, 78, 93, 98, 103 ва 117 моддалар.

Ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мақсади - Ўзбекистонда ҳокимият ва бошқарувни янада демократиялаштириш эмиш. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлари тарафидан жаҳондаги энг ёмон 10 та диктатуралардан бири деб ҳисобланадиган Ўзбекистонда демократиялаштириш бўлаётган бўлса олқишлаш керак эди. Аммо, шундай қиламизми?

Келинг, бу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг моҳиятига қарайлик.

Хабарларга қараганда, бу қонун Олий Мажлиснинг ҳокимиятдаги ролини, ички ва ташқи сиёсатга доир стратегик вазифаларни бажаришда унинг ҳуқуқ ва ваколатларини, ҳукумат ва бошқа ижроия органларининг фаолиятини назорат қилиш имкониятларини орттиради.

Мана энди қаранг, Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини халқдан бекитиб келади. Киши бошига ЯИМ бўйича Қозоғистондан 2005 йили 5,5 баравар орқада бўлсак, ҳозир 8 баравар орқадамиз. Қозоғистонда ўртача ойлик 700 доллар экан, бизда 90 доллардан ҳам кам.

Ваҳолангки, ЯИМ ҳажми ҳар йили Олий Мажлиснинг палаталари тарафидан тасдиқландади. Демак, Сенат ҳукуматдан ЯИМнинг ҳажмини эълон қилиш, нима учун аҳволимиз бунчалик ёмон эканлигини талаб қилиш ҳаққи ва ваколатларига аввалдан эга эди, аммо уларни ишлатмасди. Қолаверса, ишлатолмайди ҳам. Чунки, Олий Мажлис худди Совет замонининг Олий Советлари каби қўғирчоқ структура, у ҳукуматдан ҳеч нарсани сўролмайди, мамлакат диктатори тарафидан туширилган ҳар қандай ҳужжатни хўжа кўрсинга муҳокама қилиб, бир оғиздан тасдиқлайди.

Шундай қўғирчоқнинг қоғоздагина бўлган ваколатлари оширилди нимаю оширилмади нима? Қизи билан махарабозлик қилиб ётган Ислом Карим парламентнинг ваколатларини ошириш ниятида бу қонун лойиҳасини тасдиқлатганига ишонадиган битта аҳмоқ топилармикан?

Кеча қабул қилинган қонунда ҳукуматнинг қандайдир ваколатларини ошириш ҳақида моддалар борлиги ҳам навбатдаги масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Нима, ҳукуматнинг ваколатлари кам бўлгани учун иқтисодимизнинг қуввати қозоқларникидан 8 баравар каммиди?

Хулоса битта: Балиқ бошидан чириган. Ўзбекистонда асосий ўзгариш, чириган бошни, яъни Ислом Каримни алмаштиришдан бошланиши керак.