
“Ҳаракат” Агентлиги Туркияда ўтказилган маҳаллий сайловларда Ражаб Эрдўғон раҳбарлигидаги исломчи илдизли Адолат ва Тараққиёт Партиясининг 45 фоиз овоз билан ғолиб чиққанига баҳо берар экан, бир тарафдан, бу воқеа Туркияни исломий давлатга айлантириш йўлидаги янги бир қадам бўлса, иккинчи тарафдан, дунёвичиларни ҳужумкор сиёсатга ўтишини рағбатлантирувчи фактор бўлиши мумкинлиги айтган эди.
Туркияда тарқатилган бугунги хабарлардан бири “Ҳаракат” ҳақ эканлигини кўрсатди.
Бир неча кун аввал Конституцион Суд Эрдўғон ҳукумати тарафидан чиқарилган, турклар учун Интернетдаги Twitter хизматига кириш йўлини бекитувчи, қарорни бекор қилган эди. Шунда алам ичидаги Туркия Бош вазири “мен бу суднинг қарорига бўйсунаман, аммо уни ҳурмат қилмайман” дейишгача боргани ҳам маълум. Конституцион Суднинг бу зарбасидан кейин бугун иккичиси келди.
Туркия матбуотининг хабарларига кўра, бугун Конституцион Суд Адолат ва Тараққиёт Партиясининг ташаббуси билан парламентдан ўтган ва президент тарафидан имзолаб ҳам бўлинган бир қонуннинг жуда кўп моддаларини мамлакат конституциясига зид деб топиб, уларни бекор қилди.
Аввалги хабарларимздан маълумки, ўтган йилнинг 17 декабрида Туркиянинг мавжуд ҳукумати коррупция ва порахўрлик ботқоғида эканлиги маълум бўлди. Ўшанда прокуратура тарафидан ўтказилган махсус операция давомида бир қатор ҳукумат одамлари ва ҳатто вазирларнинг ўғилларини ўйида пойафзал қутиларида сақланаётган миллионлаб доллар ва евролар топилганидан кейин, Эрдўғон қарши ҳужумга ўтиб, мамлакатнинг прокуратура ва суд системасини ҳукумат назорати остига олишни кучайтирувчи махсус қонун тайёрлаган ва уни парламентдан ҳам ўтказганди.
Конституцион Суд ана ўша қонунни тўлалигича бўлмаса ҳам, ҳукуматга керагидан ортиқча ваколатлар берувчи моддаларини бекор қилди.
Расмиятлик нуқтаи назаридан қарасак, ҳақиқий демократияларда ҳукуматдан мустақил бўладиган Конституцион Суд ўз вазифасини бажарди, холос. Лекин, Туркияда демократия ҳали анча чеклангани, айниқса ҳозир исломчилар ҳамма нарсани, хусусан прокуратура ва суд системасини ҳам ўз қўлларига олиш ҳаракатида эканликларини ҳисобга олсак, Конституцион Суд Ражаб Эрдўғонга қарши ҳужумкор мухолифатчилик қилиш йўлига ўтганини айтиш мумкин.