10 April 2014
20:51 - Келиб чиқиши ўзбек бўлган АҚШ фуқароси, хонанда Наргиз Зокирова Россияда ҳибсга олинди
Ўрис матбуотига кўра, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, ҳозирги вақтда АҚШ фуқаролигига эга Наргиз Зокирова Россияда бўлиш талабларини бузгани учун маҳаллий Миграция хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Наргиз Зокирова Югра округидаги йирик шаҳарларда гастроль дастурини намойиш этаётганди. Маълум бўлишича, Наргиз Зокированинг Россия ҳудудида фақатгина сайёҳлик визасига эга экани аниқланган ва унинг концерт қўйишга ҳаққи бўлмаган.

Наргиз Зокирова Россиянинг «Биринчи канали»даги «Голос» дастуридаги муваффақиятли, айни вақтда ғайриоддий ташқи кўринишдаги иштирокидан сўнг танилган эди.

Ҳозирги хабарларда айтилишича, у Россиядаги меҳмонхоналардан бирида ўз хонасига буюртирган 12 минг рубллик ичимлик ва таомлар пулини тўламаган эмиш.

Маълумки, Наргиз АҚШга анча йиллар аввал онаси Луиза Зокирова билан кўчиб кетган ва ўша ерда, ўша мамлакатнинг маданий иқлимида катта бўлган.