06 April 2014
17:50 - Туркиянинг кун тартибига президентлик сайловлари кириб келди

30 мартда бўлган маҳаллий сайловларнинг узил-кесил натижалари ҳали эълон қилингани йўқ. Баъзи вилоят, шаҳар ва туманларда бюллетенларни қайтадан санаш бўлмоқда. Озорбайжон билан чегарадош Ағри вилоятида сайловлар қайтадан ўтказиладиган бўлди. Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партиясининг (ЖХП) Анқара шаҳар ҳокимлигига номзоди ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг (АТП) номзодига бир фоиз фарқ билан ютқазди. Ҳозир бу ерда ҳам қайта сайлов ўтказиш талаби олға сурилмоқда.

Аммо, умумий натижа маълум. Ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг бир қатор вазирлари коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботганлари сайлов олди кампанияси даврида фактлар билан очиқланган бўлишига қарамасдан, бу партия 50 фоиздан кўп овоз олиш мақсадига етишлмаган бўлса ҳам, мамлакат бўйлаб 45 фоиз атрофида овоз олиб, биринчи ўринни эгаллади. Мухолифатдаги ЖХП ва Миллиётчи Ҳаракат Партияси - 27 ва 15 фоиз атрофида овоз олдилар.

Ҳозир энди ҳамманинг диққат марказида август ойида бўладиган президентлик сайловлари. АТП ҳали расмий қарорини бермаган бўлса ҳам, кўринишидан, жорийдаги Бош вазир Ражаб Эрдўғон президент бўлмоқчи. Ҳозирги президент Абдуллоҳ Гул бош вазирликка ўтиши мумкин.

Маълумки, Туркияда президентнинг роли катта эмас, асосий ваколатлар парламент ва у тарафидан тайинланадиган Бош вазирдa. Шу сабабли, агар Эрдўғон президентлик учун кураш бошласа, аввал Конституцияга ўзгартиришлар киритади ва Туркия парламент давлатидан президент давлатига айлантирилади. Тўғри, АТПнинг бир ўзи парламентда Конституцияни ўзгартиришга кучи етмайди. Лекин, бунинг атрофида катта ўйинлар бўлиши муқаррар.

Муҳим бўлгани, бу ўйинлар Туркиянинг оёғига болта урилишига олиб келмасин. Акс ҳолда, Турк Дунёси деган тушунча, энг камида, ҳозирги босқичда, қоғоздагина қолиб кетади.