05 April 2014
12:46 - Навбатдаги масхарабозлик: Ўзбекистоннинг ёш иқтисодчилари ёзлик мактабда малака оширишармиш
Шу йил 19-29 май кунлари Тошкентда Ёш иқтисодчиларнинг ёзлик мактаби ишлайди, деб хабар беради Uzreport.uz сайти. Мактаб Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Прогноз ва макроэконимик тадқиқотлар институти ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети томонидан ташкил қилинар экан.

Ёзлик мактабнинг мақсади – Ўзбекистоннинг ёш иқтисодчилар потенциалини мустаҳкамлаш эмиш. Уларни иқтисодий сиёсат соҳасида тадқиқотлар ўтказиш ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни эконометрик анализ қилишга ўргатишармиш.

Ҳали иш бошламаган мактабни масхарабозлик деб баҳолашимиз ва унинг режаларини бунчалик кинояли шаклда ёритишимиз тўғрими?

Маълумки, Ўзбекистонда иқтисодимизнинг асосий кўрсатгичлари ҳаммадан яшириб келинади. Шу пайтгача иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш Ялпи Ички Маҳсулотнинг миқдори ҳеч эълон қилинмас эди. “Ҳаракат” сайти бу факт асосида Ислом Карим режимининг масхарабозлиги устидан кулавергандан кейин ЯИМнинг миқдори ҳеч ким ўқимайдиган сайтлардан бирида ҳеч бир таҳлилсиз яқинда эълон қилинди. Унга ҳеч ким эътибор ҳам бермади.

Аҳволимиз эса, ўта аянчли. Мана баъзи рақамлар. Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот миқдори бўйича 2005 йили Қозоғистондан 5,5 баравар орқада бўлсак, ҳозир саккиз баравар орқадамиз. Яқин йилларда бу фарқ 20 ларга чиқиши кутилмоқда. Қозоқларда ўртача ойлик 700 долларга яқин, бизда 90 доллардан ҳам оз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам ойлик олишади.

Хўш, шу рақамларни ўзбекнинг ёш иқтисодчилари билишадими, билишмайдими? Агар билишмаса, шунақа иқтисодчилар билан қаерга боришимиз аниқку. Агар билишса, биринчи бўлиб давлат ва миллатга нисбатан жиноят қилаётган мавжуд ҳукукматни алмаштиришни талаб қилишлари керакмасми?

Хўш, шунақа ёш иқтисодчиларни ёзлик мактабда нимага ўргатишмоқчи? Халқни бундан кейин ҳам алдаб юраверишгами? Демак, ёш иқтисодчиларни ҳам келажканинг жиноятчилари қилиб етиштиришмоқчими?

Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Прогноз ва макроэконимик тадқиқотлар институти ҳақида гапириб ўтириш ҳам ортиқча, аммо Халқаро Вестминстер Университети ҳам масхарабозликка шерик бўлмоқчими?

“Ҳаракат” сайти ўқувчилари ичида ёш иқтисодчилар борлигини биламиз. Уларга мурожаат қилмоқчимиз: Халқаро Вестминстер Университети раҳбарлари билан учрашишга ҳаракат қилинг, улардан бизнинг сайтда қўйилаётган саволларга жавоб ва изоҳ талаб қилинг. Бундай масхарабозликда иштирок этатёганлари учун ахир бир кун жавоб бериш кераклигини эслатинг. Шундай ишлар билан ўз халқингизга хизмат қилишга ўрганинг.

Бундай иш қилишдан қўрқиш керакмас. Бу халқаро университет халқаро жанжал чиқишидан қўрқади ва сизга қарши ҳеч нарса қилмайди, қилолмайди ҳам.