
“Араб баҳори” воқеалари вақтида ағдарилган Миср Президенти Ҳусни Муборакнинг ўрнига сайланган исломчиларнинг “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурсий (расмда) ҳам ҳарбийлар тарафидан ағдарилган ва қамалган эди. Аммо, “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати норозилик намойишлари ўтказишдан ташқари полиция бўлимларига ҳужум қилиш, армия офицерларини ўлдириш билан ҳам шуғулланишдан тоймаган эди.
Жаҳон агентликларининг хабарига кўра, ўлимга маҳкум қилинган Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари айнан зўравонлик ҳаракатлари ва одам ўлдиришлар каби айблар билан ўлимга маҳкум қилиндилар. Ҳукм суд тарафидан чиқарилди. ББСнинг инглизча хизмати билдиришича, ҳаммаси бўлиб 1 минг 200 киши судланмоқда. Ўлимга маҳкум қилинган 529 кишининг 147 нафари судда иштирок этган, қолганлар устидан ҳукм сиртдан чиқарилган.
Баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, “Мусулмон-қардошлар”нинг раҳбари Муҳаммад Бади ҳам 147 кишининг ичида. Балки, унинг устидан суд ҳали давом этмоқда.
Воқеаларнинг боришидан тахмин қилиш мумкин, қолган исломчилар ҳам ўлимга маҳкум қилинади ва исломчиларга қарши босим яқин орада тўхтамайди. Чунки, ислом фанатизми, экстремизми ва ҳатто терроризмининг илдизилари – Қуръоннинг нотўғри тафсиридадир. Исломда ислоҳотлар ўтказилмас экан, бундай қонли воқеалар тўхтамайди.
Яна тахмин қилиш қийин эмаски, Мисрда, бошқа араб мамлакатларида ва Покистонда ислом теророризми секин-аста чекланади, аммо воқеалар ҳозирги йўналишда давом этаверса, яқин орада Туркия халқаро ислом терроризмининг марказига айланади. Туркия Президенти буни тушунаётганга ўхшайди, Бош вазири ҳам қанчалик тез тушунса, шунчалик яхши бўларди.