21 March 2014
16:30 - НН Ислом Каримдан ўрганиб тинчлик ва барқарорликни байроқ қилмоқчига ўхшайди, амалда АПнинг башоратлари амалга ошади

Бугун Остонадаги “Қозоқ Эли” монументи олдида Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган тантаналарда иштирок этиб, шу ерда нутқ сўзлаган Қозоғистон Президенти Наврўздан ташқари яна иккита мавзуга урғу берди.

Биринчиси, шубҳасиз, Украинадаги воқеалар таъсири остида, халқлар дўстлиги, ҳеч ким миллати, тили ва дини туфайли камситилмаслиги кераклиги ҳақида гапирилиши бўлди.

Иккинчиси, тахмин қилиш мумкинки, Ислом Каримга тақлид қилиб, Қозоғистоннинг асосий бойлиги тинчлик ва барқарорлик эканлигини қайта-қайта такрорлаш бўлди. “Тинчлик ва тотувлик борлиги учун нонимиз, уйимиз, ишимиз, ҳар оилада ҳотиржамлик бор, биз уни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак. Ҳамма бизга ҳавас қилмоқда, баъзилар ҳасад ҳам қилишмоқда”, дебди у.

Нима бўлганда ҳам, кимнинг ва ниманинг таъсирида бўлса ҳам, Нурсултон Назарбой бу мавзуларни эслаб қолгани мақтовга сазовор. Энди, умид қилиш керак-ки, Қозоғистондаги мавжуд ҳокимият жанубдаги ўзбекларни ўз она ерларидан сиқиб чиқариш, ўзбек мактабларини ёпиш каби сиёсатларидан воз кечади ва ўзбекларнинг Чимкентига ёпишавермасдан, шимолий Қозоғистонни ўзлаштириш билан шуғулланади.

Акс ҳолда, Қозиғистондаги тинчлик ва барқарорлик айнан жанубда бузилади ва бутун мамлакатни қоплайди. Бундай жараёнлар Қозоғистоннинг парчаланишига, энг камида, 3 га бўлинишига йўл очади. Бу парчалардан биттаси Қозоқ Эли бўлади, бошқа иккитаси эса ўзини Қозоғистондан кўра Россия ва Ўзбекистон яқинроқ тутадиган ўлкалар, балки, мустақил мамлакатлар бўлади.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг Марказий Осиёда, минг афсуски, ўнг минглаб ёки юз минглаб эмас, ҳатто, миллионга яқинлашадиган қурбонлар натижасида ўзбеклар лидерлигида Туркистон тикланади, деган маънодаги башоратлари тўғри эканлиги кўринмаяптими?

Баҳор байрами ҳамма ерда қиш совуғида ўтказилаётгани ҳам яхшилик аломати эмас.