20 March 2014
06:24 - Украинадаги кризис туфайли Гуржистоннинг янги раҳбарияти ҳам Россиядан юз ўгирди
Маълумки, бу мамлакатда 2012 йилнинг охирида ўтказилган парламент сайловларида “Гуржилар Орзуси” партияси ғалаба қозонганди. Бу партиянинг лидери - ўтган асрнинг 90-чи йилларидан бери Россияда бизнес билан шуғулланиб жаҳоннинг 153-чи бойига айланган ва 2011 йили жорийдаги Президент Михаил Саакашвилини ағдариш ниятини очиқча гапириб Гуржистонга қайтиб келган Бидзина Иванишвили (расмда) эди. Унинг бойлиги Гуржистоннинг йиллик бюджетидан ҳам катта бўлгани сабабли, у Саакашвилининг мухолифатини ва гуржи халқини қисман сотиб олди ва осонликча парламент сайловларида ғалаба қозониб, 2012 йил 25 октябрда ўзини Бош вазир этиб тайинлатди.

Шундан кейин у очиқча россияпарастлик сиёсати олиб борди, 2008 йилдаги Россия-Гуржустин урушининг сабабчиси деб Саакашвилини айблади, ўша уруш пайтида Ғарб тарафидан агрессор деб айтилган Владимир Путинни оқлаш билан шуғулланди. Янги ҳукумат Саакашвилининг командасини таъқиб қилишни бошлади ва бир қатор аввалги вазирларҳамда Бош вазирни арзимаган айблар билан қаматди ҳам. У оғизда Европа ва АҚШга яқинлигини, мақсади Европа Иттифоқига кириш эканлигини гапирса ҳам, амалдаги ишлари унинг асл мақсади Россия билан узилган дипломатик алоқаларни тиклаш ва русларга хизмат қилиш эканлиги кўриниб турарди.

2013 йилдаги президентлик сайловларида Иванишвилининг югурдакларилдан бири Георгий Маргвелашвили Президент бўлди. Шундан кейин Иванишвили Маргвелашвилининг қўли билан ўз ўрнига бошқа бир югурдагини Бош вазир қилиб тайинлади ва Гуржистонни ҳеч бир лавозом эгалламаса ҳам қўғирчоқлари орқали бошқаришга тушди. Саакашвили ўзини ҳам қамашларини тушуниб, АҚШдаги университетлардан бирига домлалик қилишга кетиб қутилди.

Аммо, Украинадаги кризис ҳамма нарсани ўзгартирди. Шу пайтгача оғизда Ғарб билан бирга бўлишини гапирса ҳам, амалда Россига яқинлашиб бораётган ва тўғридан-тўғри иккиюзамачилик қилаётган Бидзина Иванишвили ўз позициясини очиқча белгилашга мажбур бўлди ва кутилмаганда Россияга қарши чиқиб, Украинанинг янги ҳокимияти ва Ғарб тарафига ўтиб олди. Тахмин қилиш мумкинки, унинг бизнеси Россияда бўлса ҳам, молиявий илдизлари Ғарбга боғлик. Шу сабабли у Ғарб тарафга бурилишга мажбур бўлган.

Нима бўлганда ҳам, Украинадаги кризис ва Қримнинг Россия тарафидан босиб олинишидан кейин жаҳонда бўлиши кутилаётган катта ўзгаришлардан биттаси Гуржистонда юз берди. Кечагина Россиянинг остига ётишга тайёр бўлган Бидзина Иванишвили ва унинг командаси энди Россияниннг душмани.

Бунда йўл ўзгартириш Бидзина Иванишвилининг командаси ичида ҳам муаммолар чиқарса керак. Чунки, тарих кўрсатмоқдаки, пул билан кўп нарса қилса бўлади, аммо ҳамма нарсани эмас.