18 March 2014
17:06 -
Путин Қрим ва Севастополни Россияга қўшиб олиш ҳақида Шартнома имзолади ва уни расмийлаштириш бўйича Россия парламентига махсус нома билан мурожаат қилди

Россия Президенти Владимир Путин кеча Қрим ва Севастополь шаҳарининг делегацияси билан учрашиб, уларнинг қўлидан Қрим парламенти ва Снвастополь шаҳар Кенгашининг Россияга қўшилиш ҳақидаги қарорлари ва уларни тасдиқловчи референдум натижаларини олгач, “Қрим Жумҳуриятини тан олиш ҳақида” номли Фармонни имзолади. Фаомонга кўра, Россия “Қрим жумҳуриятини суверен ва мустақил давлат сифтида тан олади”.
Бугун эса, Владимир Путин Россия парламенти – Федерал Мажлиснинг иккала палатаси (Федерал Кенгаш ва Давлат Думаси) йиғилишида сенатор ва депутатларга махсус нома билан мурожаат қилиб, “... икки янги субъект - Қрим Жумҳурияти ва Севастополь шаҳрини Россия таркибига олиш ҳақида Конституцион қонун қабул қилишни ва Қрим Жумҳурияти билан Севастополни Россия Федерациясига кириши ҳақидаги Шартномани ратификация қилишни” сўради.
Путиннинг Федерел Мажлисга мурожаати битар-битмас, у номини тилга олган Шартнома Путиннинг ўзи ва Қрим парламенти спикери Владимир Константинов, Қрим Бош вазири Сергей Аксенов ҳамда Севастополь шаҳар ҳокими Алексей Чалый тарафидан имзоланди.
Бу Шартнома имзоланган дақиқадан бошлаб Қрим ва Севастополь Россиянинг таркибий қисми ҳисобланади. Россия парламенти тарафидан бу Шартномани ратификация қилиш ва Қрим Жумҳурияти ва Севастополь шаҳрини Россия таркибига қўшиб олиш ҳақида Конституцион қонун чиқариш расмиятчилик учунгина керак.
Шундай қилиб, 21 асрда бутун дунёнинг кўзи олдида Россия асрлардан бери давом этиб келаётган мустамлакачилик сиёсатини давом эттириб, қримтатарларининг тарихий ери бўлган Қримни иккинчи марта босиб олди. Аммо бутун дунё Россиянинг бу ишини қоралаётгани йўқ. Путин Россия парламентига мурожаатида Хитой ва Ҳиндистонга миннатдорчилик билдирганидан кўринадики, дунёнинг аҳолиси бўйича энг икки буюк давлати Россия тарафида қолмоқда. Аммо, Ғарб ва Россия ўртасидаги совуқ уруш бугун расман бошланди.