14 March 2014
06:18 -
Ўзбекистонга келса, хитойлик ҳам масхарабозга айланади

ЎзАнинг мухбири элчидан истиқлол йилларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрини билдиришни сўраганда, Сун Лицзе шундай дебди:
– Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон истиқлол йилларида нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Ўзбек халқи мустақиллик берган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, барча жабҳаларда салмоқли натижаларга эришмоқда. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганига бугун барчамиз гувоҳмиз.
Ўзбекистон – тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган мамлакат. Бинобарин, мамлакатингизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ижтимоий ва сиёсий барқарорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига ишонаман.
Албатта, дейди мухбиримиз, ҳамма ўзбеклар мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини исташади ва мана сал кам 23 йилдан бери ҳар қадамда такрорланадиган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиори остида яшашади.
Аммо, ҳақиқий аҳвол бутунлай бошқача. Ўзбекистон иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ривожланган мамлакатлардан 30 баравар орқада эканлигини қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистон ва Туркманистонда 8 ва 6 баравар орқада. Балки, келажагимиз яхши бўлар? Йўқ, мана ривожланишимизнинг динамикасини кўрсатадиган баъзи рақамлар.
Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 2005 йилда 5,5 баравар орқада эдик, ҳозир 8 баравар орқадамиз, яқин келажакда бу фарқ 20 га етиши кутилмоқда. Ҳозир Қозоғистонда ўртача ойлик 700 долларга яқин, бизда 90 доллардан ҳам кам. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам ойлик олишади. Миллионлаб ўзбеклар чет элларда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланмаган ҳолда қуллар каби ишлаб, оилаларини боқмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси бошмасхарабоз Ислом Карим раҳнамолигида юз бермоқда.
Аҳволимиз шундай экан, Хитой элчиси Сун Лицзе ҳам дипломат эмас, оддий масхарабоз бўлиб кўринмаяптими? Кўринаяпти. Демак, Ўзбекистонга хитойлик келса ҳам масхарабоз бўлиб кетаверар экан.