13 March 2014
22:43 - Ўзбекистонда ҳам ҳақиқий хабарлар бор, “Ҳаракат” айтаётгандек, ҳаммаёқ масхарабозлик эмас

Бугун тарқатилган баъзи хабарларнинг сарлавҳаларини келтирамиз:

- Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларни тузиш ва фаолият олиб бориш процедуралари осонлаштирилди.

- Олий Мажлиснинг қуйи палатасида сиёсий партияларнинг ҳисоботи тингланди.

- Ўзбекистондай юртда яшаш бахт.

Дунёнинг энг ёмон 10 та диктарорликлари рўйхатига киритилган Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларнинг, яъни ҳукуматдан мустақил бўлган ташкилотларнинг йўлида тўсиқлар камайишига, Ўзбекистонда ҳақиқий маънода сиёсий партиялар борлигига, аҳолисининг катта қисми чет элда мардикорчилик қилаётган Ўзбекистонда яшаш бахт эканлигига ишонадиган аҳмоқни ҳатто Ўзбекистонда ҳам топиш қийин бўлса керак. Шу сабабли, бу каби хабарларни масхарабозлик деб баҳолашимиз мутлақо тўғридир.

Аммо, тан олиш керакки, Ўзбекистонда ҳақиқий хабарлар ҳам бор. Уларга ишониш мумкин, аммо бошқа ташвишлар қаршисида уларни дарҳол унутасиз.

Мана шундай хабарлардан иккитаси:

- Ўзбекистон ФИФАнинг рўйхатида икки поғона юқорига чиқиб, 55-чи ўринни эгаллабди.

- Шу кунларнинг бирида Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 5-чи мактабнинг 9-чи синф ўқувчиси бўлган қизни поезд босиб кетибди, чунки, у қизнинг қулоғига эшитгичлар тақилгани сабабли, у поезднинг келаётганини ҳам, унинг сигналларини ҳам эшитмаган.

Бу каби воқеалар, минг афсуски, бутун дунёда бўлиб туради ва бу хусусдаги хабарлар минглаб хабарлар ичида кўринмайди ҳам. Аммо, Ўзбекистондаги хабар воситаларида булардан бошқа ишонадиган хабар тополмайсиз.