12 March 2014
19:45 - ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВАКИЛЛАРИ ҚАМОҚХОНАДА ЖАЗО КАРЦЕРЛАРИГА ТАШЛАНМОҚДА! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №9, 12.03.2014)
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 64/47-сонли жазони ўташ муассасасида сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов шу йилнинг 10 март куни жазо муддати тугаганлиги сабабли озод қилиниши лозим эди. Аммо жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 268-моддаси билан 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқхона тартибини бузганлик айби билан, 5 март куни жазо изолторига ташгланди. Бу эса унга нисбатан яна жазо муддати қўшиб берилиши, унинг қамоқдан ҳали-бери чиқарилмаслигини англатади.

Шу йилнинг 2 март куни эса Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов учинчи марта жазо карцерига ташланди. Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов 2013 йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан айбланган ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2013 йилнинг 19 ноябрида зонага этап қилинганидан бери 3 марта жазо карцерига қамалди ва амнистиядан маҳрум қилинди.

20 йилдан бери турли муассасаларда қамоқ жазонисини ўтаётган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Мурод Жўраевнинг аҳволи кескин оғирлашди. Бу борада фаолларимиз билан бугун, 12 мартда боғланган маҳкумнинг рафиқаси Холбека Жўраева маълум қилди. Муштипар аёлнинг таъкидича, Мурод Жўраевнинг аҳволи, соғлиғи чидаб бўлмайдиган даражада оғирдир. Уни сурункали ошқозон хасталиги, тушукунлик ва турли ички касалликлар қийнамоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бу борадаги вазиятни кескин қоралаб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва ҳукуматини уларга нисбатан жазони ўташ муассасаларидаги айрича муносабатни тўхтатишга чақиради.