11 March 2014
19:30 - Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига янги раис тайинланди – порахўр Марат Абдужабборов
Шу пайтга қадар жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди раиси лавозимида ишлаб келган Марат Абдужабборов Тошкент шаҳар суди раиси этиб тайинланди. Тошкентдаги мухбирларимизга кўра, бу лавозим Шоюнус Ғозиев ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганидан сўнг бўш қолиб келаётганди.

Марат Абдужабборов аввалари жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни саралаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясида суд инспекцияси раҳбари бўлиб ишлаган, сўнги 5 йилда эса жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судини бошқарганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ҳукми билан порахўрликда айбланиб, 2008 йилда 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган судья А. Исмоилов суд жараёнлари даврида ўша пайтдаги суд инспекцияси раҳбари Марат Абдужабборовнинг ҳовлиси учун 60 минг долларга тенг масофадан бошқарилувчи дарвоза қуриб бергани ҳақида баёнот берган. Демак, Маратвой порахўрлик эвазига эришган дарвоза шунчалик кенг эканки, унинг каръераси жуда катта йўл очиб берибди. Мана у энди Тошкентда инсонларнинг тақдирини ҳал қилади, дейди мухбиримиз.