
Ҳозирча гап Қримда ўтказиладиган Қримни Россияга қўшиш бўйича референдум ҳақида кетмоқда. Ҳеч кимнинг шубҳаси йўқки, Қримдаги ҳокимият Россиянинг қўғирчоғи ва унинг ҳар бир қадами Кремль тарафидан бошқарилмоқда. Кўриниб турибдики, бу босқичда Кремль-Путин Ғарбнинг босимига ҳам кўз юмиб, Қримда рефрендумни ўтказмоқчи.
Референдумдан кейин нима бўлиши, Россия Қримни ўзига қанчалик тез қўшиб олиши ҳақида ҳозирча тахминлар қилиш ҳам қийин.
Бугун маълум бўлишича, Белорусия ва Косовдан ташқари ҳамма Европа мамлакатларини бирлаштирувчи Европа Кенгашининг (Европа Иттифоқи билан адаштирманг) Бош Котиби, норвегияли Турбьёрн Ягланд бу ташкилот қошида 1990 йилдан бери иш олиб бораётган Демократия учун ҳуқуқ Европа Комиссиясига мурожаат қилиб, Қримда 16 март куни Россияга қўшилиш масаласи бўйича ўтказилиши режалаштирилаётган референдумга ўз муносабатини, ўз хулосаларини билдиришни сўради. Бу Комиссиянинг қароргоҳи Венцияда жойлашгани сабабли, уни норасмий шаклда Венеция Комиссияси ҳам дейишади. Тахмин қилиш қийин эмаски, бу Венеция Комиссияси ўз хулосаларини Қрим Украинанинг бир қисми эканлигидан келиб чиқиб, Украина қонунлари доирасида чиқаради.
Баҳо қандай бўлиши ҳам ҳуқуқ нуқтаи назаридан аввалдан маълум – референдум ноқонунийдир. Аммо, Кремль-Путин Венеция Комиссиясининг баҳосига тупуриши ҳам аввалдан маълум.
Бизни Қримдаги воқеаларга қримтатарларининг муносабати қизиқтиради. Қримтатарлар Қрим аҳолисининг 10-12 фоизни ташкил қилгани сабабли, уларнинг овози референдумда катта аҳамиятга эга бўлмайди. Аммо, сиёсий маънода уларнинг фикри жуда ҳам муҳим.
Қримтатарлари Мажлиси раислигидан ўз ихтиёри билан кетган Мустафо Жамил Қримўғлининг ўрнига сайланган Рифат Чубаров Фейсбукдаги саҳифасида “Референдум учун овоз берган Қрим парламенти депутатлари ақлдан оздилар” деб ёзган бўлса ҳам, буни Қримтатарлар Мажлисининг фикри дейиш тўғри бўлмайди. Хўш, Қримтатарлар Мажлиси нима дейди?
Бу ерда Қирғизистоннинг жанубида, яъни аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қиладиган ҳудудларда 2010 йили ёзда бўлган воқеаларни, аниқроғи жанублик ва шимоллик қирғизлар ўртасидаги жанжал ва унга ўзбекларнинг аралашишини эслаш керак. Ўша пайтда Бишкекда жанубликларнинг вакили бўлган Президент Бақиев йиқитилди, ҳокимиятга шимолликлар келди. Бақиев жанубга қочиб келиб, шимолга қарши қарши ҳаракатлар бошлади. Ўша пайтда у шимолликларни йиқитиша ҳам кучи етадигнадек кўринарди.
Бундай вазиятда ўзбеклар тўғри йўл танласалар эди, бу воқеалардан энг катта ютуқ билан чиққан тараф бўлардилар. Аммо, қирғизистонлик ўзбеклар жаҳондаги ҳамма ўзбеклар каби уюшмаган, қолаверса миллат сифатини йўқотиб бораётган вақт эди. У ердага ўзбекларга лидерлик қилишга даъво қилаётганлар эса, жаҳондаги кўпчилик ўзбеклар каби, миллий манфаатлардан кўпроқ ҳамёнларини ўйлашарди. Натижада, Қирғизистон жанубида ўзбеклар тириклайин ёқилди, қирғин қилинди. Ўзбекларниг қони устида жануб-шимол қирғизлари вақтинчалик умумий тил топишди. Яъни, ютқазган ўзбеклар бўлди.
Қримтатарлари Мажлиси шундай хатога йўл қўймаслиги керак. Ҳозирги шароитда тўғри йўл танлаш жуда муракаб ва жуда нозик иш. Умид қиламизки, ҳали ҳам қримтатарларининг лидери бўлиб қолаётган Мустафо Қримўғлинингг ҳам иштирокида миллий манфаатларга жавоб берадиган тўғри йўл танланади.
Агарда шу пайтда Ўзбекистонда ҳокимиятда тожиклар эмас, ўзбеклар бўлса эди, Ўзбекистон Қрим масаласида ҳам етарлича активлик кўрсатган, Туркия билан биргаликда қримтатарларининг манфаатларини ҳимоя қилган бўларди. Афсуски, ҳозир ўзбекларнинг ўзи ғариб аҳволда, ўзбек жамияти миллат хоинларию ҳаромийлар билан тўла.
Тан олиш керакки, ҳозир Қримтатарлар Мажлиси жуда эҳтиётлик билан умуман олганда тўғри йўл тутмоқда. Воқеаларни Мажлиснинг расмий сайтидан ҳам кузатиб бориш мумкин - qtmm.org