07 March 2014
19:35 -
Қрим атрофида вазият кескинлашмоқда, Ғарб ҳам, Россия ҳам чекинмоқчи эмас, эшик орқасида совуқ уруш бор

Александр Турчинов баёнот ҳам эълон қилиб, ўз Фармонини ҳаммага маълум қилишдан ташқари, Олий Рада Қрим парламентини тарқатиб юбориш бўйича иш бошлаганини ҳам билдирди.
Аммо, Қрим феълан Россия армияси тарафидан босиб олиб бўлинди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, ҳозир Қримда Россиянинг ҳарбий операцияларга тайёрлиги бўйича энг юқори ўринда турган 7 дивизиясининг қисмлари жойлашиб бўлди.
Қримда референдум ўтказиш учун тайёргарчиликлар давом этмоқда. Масалан, бугун референдум бюллетенининг формаси эълон қилинди. Унга кўра, сайловчилар икки саволдан бирини танлашлари керак:
- Сиз Қримнинг субъект сифатида Россия Ферациясига қайта кириши тарафдоримисиз?
- Сиз Қрим Республикасининг 1992 йидаги Конституцияси тикланиши ва Қримнинг статуси Украинанинг бир қисми бўлиши тарфдоримисиз?
Бу референдумни фақат Москва тўтатаолади, аммо, кўринишидан, тўхтатмоқчи эмас. Демак, референдум ўтказилади, аҳолисининг 60 фоизи руслар бўлган қримликлар Россияга қўшилиш қарорини тасдиқлайдилар. Россия эса, Қримни қўшиб олиш ёки олмаслик қарорини ўзига Ғарб тарафидан ўтказилаётган босимнинг кучига қараб беради.
Ҳозирча, Ғарбнинг, хусусан, АҚШнинг Россияга босими кучайиб бормоқда. Шундай бўлса ҳам, АҚШ Президенти Барак Обаманинг мухолифлари уни қатъийсизликда, Путиннинг ўйинларига кириб қолишда айбламоқдалар. Бу айбномаларда жон борлигини ҳам тан олиш лозим.
Бугун “Вашингтон Пост” газетаси эса, собиқ АҚШ Давлат Котиби Генри Киссинжернинг Украинада ҳозир ҳокимиятда бўлган аввалги мухолифатчилар ҳақидаги “уларда копромисс санъати йўқ” маъносидаги сўзларини келтиради. Яъни, ҳозирги Украина ҳокимияти бир тарафлама (яъни, Ғарб тарафи – Ҳаракат) эмас, икки тараф ўртасида кўприк бўлиш сиёсатини ўтказиши кераклигини айтади.
У Владимир Путинни ҳам янги совуқ урушга кетмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирар экан, АҚШ ҳам Россияни Вашингтон тарафидан ўрнатилган интизом қоидаларига ўргатиш йўлидан кетмаслиги кераклигини айтади.
“Ҳаракат”нинг фикрича, таниқли сиёсатчи Генри Киссинжер ҳозир сиёсатшунос каби гапирмоқда. Бундай ҳар томонлама чиройли фикрлар гапириш осон, аммо фавқулодда ҳолларда оператив қарорлар олабилиш муҳим. Агар узоқ давом этадиган совуқ уруш бошланса, собиқ Давлат Котибининг маслаҳатлари албатта ҳисобга олинади. Ҳозир эса, совуқ уруш замонида вужудга келадиган позицияларнинг фурдаментини мустаҳкамлаб олиш муҳим.
Ғарбнинг Украинага қандай молиявий ёрдам бериши ҳам муҳим. Бугун брифинг ўтказган Украина Бош вазири Арсений Яценюк ЕИ ўз бозорларини Украина моллари учун очишга, ҳаммаси бўлиб 15 млрд, яқин вақтнинг ичидаёқ 2 млрд доллар ёрдам беришга ваъда қилганини билдирди. Бу ёрдам Украинада ислоҳотлар ўтказиш ва иқтисодни барқарорларштириш учун фойдали бўлишини урғулади. Халқаро Валюта Фонди ҳам 25 йилда Украинага 15 млрд долларлик ёрдам бермоқчи.
Кеча АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси ҳам Украинанинг ташқи қарзлари бўйича мажбуриятларини кафолатлаш учун 1 млрд доллар беришга қарор қилди. Сенат ҳам бу қарорни тасдиқлаши кутилмоқда.
Германия ҳам Украинага ёрдам бериш ниятида эканлиги айтди. Европа банклари ҳам Украинанинг қарзларини тўлашда ёрдамчи бўлишмоқчи.
Аввал хабар берганимиздек, ЕИ ва АҚШ бир қатор Россия ва Қрим мулозимлари учун виза бермаслик қарори олддилар, НАТО эса Россия билан алоқаларини тўхтатди ҳисоб. Ғарбнинг бу йўналишдаги босимлари кучайиб боришига шубҳа йўқ.
Россия нима қилмоқда? Бу мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлиги “қўрқитиш ва санкциялар тилини қабул қилмаслигини”, Ғарб бир тарафлама сиёсат олиб бориши хато эканлигини гапирмоқда. Айни замонада, Қримда ўтказиладиган референдумни ноқонуний деб ҳисобламаслигини урғуламоқда.
Россиянинг Путиндан кейинги иккинчи даражали раҳбарлари Қримдаги референдумда Россияга қўшилиш қарори тасдиқланса, Россия айнан шундай қилиши ҳақиқда кўпроқ Ғарбга қаратилган намойишкорона агрессив баёнотлар бермоқдалар.
Хуллас, воқеаларнинг ривожланиши “совуқ уруш” сигналларини бермоқда.