06 March 2014
00:41 - Украина тўла сўз ва хабар ўйинлари
У ердан келаётган хабарларга танқидий кўз билан қараш ва улар ҳақиқатга қанчалик яқинлиги ҳақида эҳтиётлик билан қарор бериш керак. Агар қарор бериш мумкин бўлса.

Кеча АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Киевга келгани ва Майдонда қурбонлар хотирасига гул қўйгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Кейин у ҳозирги ҳукуматга ўз одамларини киритмаган “УДАР” Партиясининг лидери Виталий Кличко билан учрашгани билдириди. Аммо, у янги ҳокимият вакиллари билан учрашгани ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмади. Агарда Жон Керри ростдан ҳам янги ҳокимият раҳбарлари билан учрашмаган бўлса, бу факт АҚШ бу масалада Путиндан қўрққанини кўрсатади.

Жон Керри қачон Киевдан кетгани ҳам номаълум. Аммо, у бугун Парижда Россия Ташқи ишлари Сергей Лавров билан учрашибди. Бу ҳақдаги хабар умумий гаплардан иборат.

Эртага Украина Бош вазири Арсений Яценюк НАТО Кенгаши ва Бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан учрашади, айни замонда Олий Радага Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилибди. Андерс Фог Расмуссен НАТО ва Россия ўртасидаги алоқалар қайта кўриб чиқилишини айтибди. Табиий, алоқалар кучсизлантирилади.

Арсений Яценюк НАТО билан учрашишга кетиш олдидан Қримнинг Украинада таркибида қолишини, аммо ваколатлари кучайтирилиши мумкинлигини гапирибди.

ЕИ эса, Украинага €11 млрд ёрдам беришга тайёр эканлиги ҳақидаги хабар Еврокомиссия раиси Жозе Мануэла Баррозуга асосланиб тарқатилди.

Хуллас, Ғарб ва Россия Украина атрофида ҳозирча сўз ўйинлари олиб боришмоқда. Амалий қадамлар қилиш қачон бўлади. Икки тараф келишиб олгандан кейин албатта.