
Бугун бир неча соат аввал Россия Президенти Владимир Путин ўз мамлакати парламантининг юқори палатаси Федерал Кенгашга Украинада аҳвол нормаллашгунча у ерга ўз қўшинларини олиб киришга рухсат сўради.
Федерал Кенгаш бугун шанба куни бўлишига қарамасдан яшин тезлигида йиғилди ва ҳозиргина бир овоздан Путинга Россия армиясини Украинада ишлатишга рухсат берди. Табиий, бу Путиннинг АҚШ Президенти Барака Обамага жавобидир. Маълумки, Барака Обама “Агар Россия Украинага армиясини олиб кирса, бунинг бадали оғир бўлади” деб жиддий шаклда огоҳлантирган эди. Федерал Кенгаш бу сўзларни Россияга таҳдид деб ҳисоблаб, Россиянинг АҚШдаги элчисини чақириб олиш ҳақида ҳам Путинга мурожаат қилмоқчи.
Булар ҳали сиёсий ўйинлар, дейди мухбиримиз. Россия аввалги хабаримизда айтилганидек, Севастополдаги ҳарбийларини бошқа кийим кийдириб, қўрқитиш акцияларида ишлатаверади. Лекин, очиқча ўз қўшинларини бу мамлакатга киритиш хусусида Путин бир қарорга келмаган бўлса керак. Агар келса, катта урушдан қочиб бўлмайди. Урушнинг биринчи босқичида Россия ғалаба қилади, аммо йиллар давом этадиган совуқ урушнинг натижаси Россия Федерациясининг парчаланиб кетиши билан тугайди.
Путин буни тушунмаслиги мумкин эмас, аммо ҳозир уни фақат бугунги ғалаба қизиқтиради. Ҳамма диктаторлар шундай бўлишган ва шундай бўлишади. Айнан шу сабабдан ҳали ҳеч бир диктатура узоқ умр кўрмаган.