24 February 2014
10:33 -
Замонавий Украина давлат сифатида иккинчи марта синовга кирди (тузатилган)

Ҳозир Украинада ҳокимиятни феълан қўлга олган мухолифатнинг аниқ бир ранги ҳам йўқ. Яъни, вазият яна ҳам оғирдир.
Бу ерда Президент, парламент раиси ва ҳукумат раҳбари вазифалари бир одамнинг – бир маҳаллар зарғалдоқчилар маликаси номини олган, аммо кейинчалик ўз айби билан қамоққа ўтиришгача борган Юлия Тимошенконинг ишонган одамларидан бири ҳисобланадиган Александр Турчиновнинг қўлида. Украина биринчи синовдан ўтолмаганининг асосий айбдори айнан Юлия Тимошенко бўлганини ҳисобга олсак, бугунги перспектива ҳам яхши эмасдек кўринади. Аммо, умид қилиш керакки, Юлия хоним ҳам, Александр Турчинов ҳам, бошқа мухолифат лидерлари ҳам, аввалги мағлубиятларидан керакли хулосалар чиқариб олганлар.
Кеча Сочи Олимпиадасини ғалаба билан тугаллаган Россия Президенти Владимир Путин ўша ғалаба мастлиги билан Украинагаа қарши бир нарсалар қилмасмикан деган савол ҳозир ҳаммани эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Айнан шу сабабдан, АҚШ Владимир Путинни Украина ишларига ҳарбий куч билан аралашиш “катта хато” бўлади деб уни огоҳлантирмоқда.
Икки ойча аввал Янукович режими тарафидан персона нон грата деб эълон қилинган Гуржистоннинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили кеча ҳеч бир тўсиқсиз вақтинча яшаётган ери АҚШдан Киевга келди ва Майдондагиларни ғалаба билан табриклаб, майдончиларни “озод ва мувафаққиятли Украина” яратишга чақирди.
Украинани ҳозирги кризисдан олиб чиқиш учун мухолифат бир ёқадан бош чиқариб курашиши лозим. Умид қилиш керакки, аввалги хатолардан тўғри хулосалар чиқарилади ва Украинанинг янги ҳокимияти тўғри йўлдан кетади.