18 February 2014
21:08 -
Украинада вазият кескинлашди: Қон тўкилди, ўлганлар бор

Бугунги воқеалар мухолифат-ҳукумат ўртасидаги кескинликни янада юқорига чиқариб юборди. Евромайдондаги сони 20 мингдан ортиқлиги айтилаётган намойишчилар ва уларни тарқатиб юборишга уринаётган полиция қўшинлари ўртсида чиққан навбатдаги тўқнашувлар қон тўкилишига олиб келди. Турли хабарларга кўра, намойишчилардан 5 киши ўлдирилди, бир полицай кимлиги номаълум бўлган одам тарафидан отилган ўқ билан ўлдирилди.
Намойишчилар полиция қўшинлари яқин орада намойишчиларни куч билан тарқатиб юборишга киришишидан қурқиб, тош терилган йўллардан тошларни чиқариб олиб, улар билан полиция қўшинларидан ўзларини ҳимоя қилишга тайёрланмоқдалар, баъзи жойларда баррикадалар қурмоқдалар, полиция эса намойишчиларга газли гранатлар отиш, уларни резинка таёқлар билан савалаш билан бир қаторда, уларга радиокарнайлар орқали мурожаат қилиб, провокацион ҳаракатлар қилмасликка чақирмоқда. Гўки, ўзидан провокация чиқмайдигандек. Украина Бош прокурори Виктор Пшонка ҳамма айбни намойишчиларга қўйиб, ҳеч ким маъсулиятдан (жазодан, деяверинг – “Ҳаракат”) қочиб қутулолмаслигини гапирди.
Ғарб ҳар доигидек, очиқча айтмаса ҳам, намойишчилар тарафида, аммо ҳукуматни зўравонлик қилмасликка, мухолифатни ҳукумат билан музокараларни давом эттиришга чақирмоқда.
Ивано-франковскда мухолифатчилар кечагина бўшатилган вилоят ҳокимлигини қайтадан босиб олдилар.
Украина парламенти - Олий Раданинг спикери Владимир Рыбак эртага Президент Виктор Януковичнинг мухолифат лидерлари билан навбатдаги учрашуви режалаштирилганини эълон қилди.
Бундай учрашув бўлгани яхши, дейди мухбиримиз, аммо эртагача етиб бориш керак.