15 February 2014
19:46 - Украинада ўзгариш йўқ, аммо Юлия Тимошенко қамоқда туриб сиёсий майдонга чиқмоқда
Евромайдонда мухолифатчиларнинг намойиши давом этмоқда. Эртага, яъни якшанба куни, бу ерда навбатдаги Халқ Йиғилиши бўлади.

Мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги қарама-қаршилик аввалгидек давом этар экан, ҳозир қамоқда ўтирган собиқ Бош вазир, зарғалдоқ инқилобининг лидерларидан бири Юлия Тимошенконинг сиёсий майдондаги роли ортиб бораётганга ўхшайди. У ҳозир қамоқхонадан туриб оммавий ахборот воситаларига интервьюлар бермоқда.

Масалан, бугун берган интервьюсида Юлия Тимошенко “агар Президент Виктор Янукович Бош вазир лавозимини мухолифат вакилига берса ҳам бунга рози бўлмаслик кераклигини, ҳозирги режим барибир янги Бош вазирга ишлаш имконияти бермаслигини” айтар экан, мавжуд режимни бутунлай йиқитишга феълан чақирмоқда.

Балки, Тимошенко ҳақдир, аммо Украина мухолифати айнан Тимошенко ўз вақтида Президент Виктор Юшченконинг ўрнига тезроқ ўтириш мақсадида зарғалдоқчиларга нисбатан феълан сотқинлик қилгани, ўз душмани Владимир Путиннинг пинжига кириб кетишга ҳам рози бўлган принципсиз сиёсатчи эканлигини унутмагани яхши. У яна лидерлик мақомига эришса, энди ақллироқ ишлар қилади, деб кутиш ўта соддалик бўларди.