ХХРнинг Коммерция вазирлиги вакилига асосланиб 12uz.com портали тарафидан тарқатилган хабарга кўра, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2013 йилда 58,3% фоиз ортиб, $4 млрд бўлибди. Шу кетишда 2017 йилда бу рақам $5 млрд бўишини кутиш керак.
Маълумки, савдо айланмаси экспорт ва импортнинг йиғиндисидир. Шундай экан, Хитой билан савдо айланмасида импорт ва экспортнинг улушини билиш жуда муҳим. Биз фақат импорт қилаяпмизми ёки экспортимиз ҳам жиддийроқ ўлчовда борми? Аммо, хабарда бунга оид рақамлар келтирилмайди, бундай савол қўйилмайди, таҳлил берилмайди. Ваҳоланки, ҳозир иккинчи нонга айланган хабарчиликда таҳлилсиз хабар беришни ножиддийлик дейиш ҳам мумкин.
Дарвоқе, яна ўша хабарда айтилишича, Хитойнинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо айланмаси 2013 йилда $40,2 млрд бўлибди. Кўриниб турибдики, аҳолисининг сони Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг умумий аҳолисидан катта бўлган Ўзбекистонга бу давлатларнинг Хитой билан савдо айланмасининг 10 фоизи тўғри келибди, холос.
Қозоқ хабар агентликлари ҳам ХХРнинг Коммерция вазирлиги вакилига асосланиб, Ўзбекистон билан савдо айланмаси жуда катта фоизга ошганини урғулар эканлар, 2013 йилда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси $28,6 млрд бўлгани, 2015 йилда $40 млрд бўлишини айтиб, Ўзбекистонни киши билмас шаклда ер билан бир қилиб кетибдилар.